Россияда ёнилғи танқислиги: Геленжикда бензин бутунлай тугаб қолди
Олам
−
14:49 1233 1 дақиқа
Россиянинг Геленжик шаҳрида бензин танқислиги янада кучайди. Кеча, 21 август кечига келиб шаҳарда бензин сотган сўнгги ёнилғи қуйиш шохобчасида ҳам AI-92 ва AI-95 қолмаган. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.
Маълумотларга кўра, кеча, 21 август эрталаб Геленжикда бензин фақат Архипо-Осиповка қишлоғидаги “Лукойл” АЁҚШида сотилаётган бўлган. Қолган шохобчаларда эса фақат дизель ёнилғиси қолган. Бироқ кечга бориб Архипо-Осиповкадаги мазкур шохобчада ҳам бензин тугаган. Бу маълумотни АЁҚШ яқинидаги мини-меҳмонхона маъмури ҳам тасдиқлаган. Шунингдек, маҳаллий ҳайдовчилар ёнилғи мавжудлиги ҳақида маълумот алмашадиган чатларда ҳам бензин қолмагани ҳақида хабарлар тарқалган.
Бензин билан боғлиқ шунга ўхшаш вазият Туапседа ҳам кузатилган. 21 август эрталаб шаҳарда ишлаб турган 14 та АЁҚШдан фақат биттасида AI-95, иккитасида эса AI-92 бензини сотилаётган бўлган.
Маълумотларга кўра, Россиянинг бошқа ҳудудларида ҳам ёнилғи танқислиги билан боғлиқ ҳолатлар кузатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Петербург биржасида авиация керосини нархи рекорд даражага – бир тоннаси учун 120 минг рублдан ортиқроққа кўтарилиб кетгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси