Бен Гвирга суиқасд қилмоқчи бўлишди. Исроил Туркиядан гумонда
Олам
−
04 Сентябрь 2025 4968 1 дақиқа
Исроилнинг Ички хавфсизлик хизмати Шин Бет кеча, 3 сентябрь куни Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвирни ўлдиришга қаратилган суиқасд режаси фош этилганини ва ҲАМАС гуруҳи аъзолари қўлга олинганини эълон қилди.
Маълумотга кўра, режалаштирилган ҳужумда портловчи дронлардан фойдаланиш кўзда тутилган. Шин Бетнинг билдиришича, Ғарбий соҳилнинг Хеврон ҳудудидан бўлган ҲАМАС ячейкаси аъзолари ҳибсга олинган ва дронлар мусодара қилинган. Хавфсизлик хизматига кўра, бу гуруҳ Туркиядаги ҲАМАС қароргоҳидан бошқарилган ва мақсад Бен Гвирга суиқасд уюштириш бўлган. Ҳозирда тергов олиб борилмоқда.
ҲАМАС ҳам, Туркия ҳам Исроилнинг айбловларига ҳеч қандай шарҳ бермади.
Бен Гвир эса баёнот бериб, бу уни қўрқита олмаслигини айтди:
“ҲАМАС менга беш марта суиқасд уюштиришга уринди, ҳар сафар муваффақиятсизликка учради. Худога ва хавфсизлик кучларига раҳмат,” деди у.
Эслатиб ўтамиз, Ғазодаги уруш 2023 йилнинг октябрь ойида бошланган эди. Шундан бери Исроилнинг ҳарбий ҳаракатлари оқибатида 63 минг киши ҳалок бўлган, Ғазодаги кўплаб бинолар вайрон қилинган ва аҳолининг деярли барчаси камида бир марта уйини тарк этишга мажбур бўлган.
Live
Барчаси