Беларусь Польша вертолёти чегарани бузганини даъво қилди. Варшава буни рад этмоқда
Олам
−
29 Сентябрь 2023
3773Кеча, 28 сентябрь куни тушдан кейин Беларусь Мудофаа вазирлиги Польша вертолёти мамлакат ҳаво ҳудудини бир неча бор бузганини даъво қилди. Бу ҳақда Беларусь Мудофаа вазирлиги сайтида келтирилган.
“Бугун соат 15:02 да Ҳарбий ҳаво кучлари ва Ҳаво мудофааси кучларининг радар аниқлаш ускуналари Польша самолётининг Беларусь чегарасига яқинлашаётганини аниқлади. Тахминан 15:20 да самолёт Беларусь чегарасини кесиб ўтиб, бир ярим километрга масофани босиб ўтди”, дейилади Мудофаа вазирлиги хабарида.
Қўшимча қилинишича, соат 16:22 да вертолёт яна давлат чегарасини бузиб ўтиб, 300 метр ичкарига ҳаракатланган.
“Юқоридагилар объектив назорат маълумотлари билан тасдиқланган. Шу муносабат билан навбатдаги самолётлар кўтарилди”, дейилади вазирлик хабарида.
Польша Қуролли кучлари оператив қўмондонлиги матбуот котиби Яцек Горишевскийнинг айтишича, Варшава Минскдан олинган маълумотни рад этади.
“Биз томондан ҳаво ҳудудининг бузилиши кузатилмаган. Радар тизимларимиздан буни тасдиқладик”, дейди у.
Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги воқеа юзасидан Польшанинг Беларусдаги муваққат ишлар вакили Мартину Войцеховскийга кескин норозилик билдирилганини маълум қилган.
LiveБарчаси