Бельгияда теракт тайёрлаган чеченистонлик эр-хотин қамалди
Олам
−
10 Сентябрь
3889Кеча, 9 сентябрь куни Бельгиянинг Брюгге шаҳар жиноий суди мамлакатда қатор терактлар уюштиришни режалаштирган чеченистонлик шахсларга ҳукм чиқарди. Бу ҳақда маҳаллий VRT телеканали хабар берди.
Гуруҳ раҳбари Абубакар исмли шахс бўлиб, у 15 йилга, унинг рафиқаси эса жиноятга шерикликда айбланиб, 8 йилга қамалди. Яна икки айбланувчи, жумладан, раҳбарнинг укаси шартли қамоқ жазоси ва жаримага тортилди. Суд иш бўйича бешинчи айбланувчини оқлади.
“Суд мажлисида Абубакар судьяни бир неча марта ҳақорат қилган ва охир-оқибат уни камерасига қайтаришга тўғри келган”, дейилади телеканал хабарида.
“Тергов шуни кўрсатдики, гуруҳ Антверпеннинг бир қанча, жумладан яҳудийлар яшайдиган мавзеларида, шунингдек, бар полиция бўлими ва НАТО биносида ҳужумлар режалаштирган”, дейди Брюгге суди матбуот котиби Амели Ван Беллегем.
Судда таъкидланишича, айбланувчиларнинг террорчилик ҳужуми учун жуда аниқ режалари бўлган: хусусан, жиноятчилар қурол сақлаш учун гараж ижарага олган, полиция қўнғироқларига жавоб бериш вақтини ўрганган ва ҳужумлар режалаштирилган жойларга ташриф буюрган. Терговчилар, шунингдек, Абубакарнинг ИШИД террорчилик гуруҳига содиқлик қасамёди келтиргани ва бомба йиғиш бўйича кўрсатмалари акс этган видеони ҳам топган.
Маълумот учун, жорий йилнинг июль ойида Бельгия ҳукумати Чеченистонда туғилган уч фуқарони қироллик ҳудудида терактни молиялаш ва тайёрлашда айблади. Бельгия прокуратураси 26 июль куни гумонланувчилар ИШИД террорчилик гуруҳининг афғон бўлинмаси бўлмиш “Вилояти Хуросон”га алоқадор эканлигини маълум қилганди. Европа мамлакатларида 200 мингдан ортиқ этник чеченлар яшайди – энг катта диаспоралар Франция, Германия ва Австрияда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда МДҲ давлатларидан бирининг ҳудудида теракт тайёрлашда гумон қилинган шахс қўлга олинганди. Террорчи гуруҳ номи эълон қилинмаган. Матбуот маркази хабарига кўра, гумонланувчи жиноят содир этишга уринишдан олдин “халқаро террорчи ташкилот етакчисига содиқликка қасамёд қилган”.
LiveБарчаси