Бельгияда пандемия сабаб уйга меҳмон чақириш ҳам чекланмоқда
Олам
−
07 Октябрь 2020
2733Бельгияда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш чоралари кучайтирилади. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Александр Де Кроо маълум қилган.
Мамлакатда камида 1,5 метр ижтимоий масофа сақлаш кучга киради. Жамоат жойларида аввалига беш кишигача тўпланишга рухсат берилган бўлса, энди у уч кишига қисқартирилади.
Бундан ташқари, кафеларда бир стол атрофида ўтирганлар 4 кишидан ошмаслиги белгиланган. Шунингдек, кафеларнинг ўзини соат 23:00 дан кечиктирмасдан ёпиш талаб қилинади.
Янги қоидаларга кўра, бельгияликлар, шунингдек, уйларига тўрт нафардан ортиқ меҳмон таклиф қилишлари мумкин эмас.
Ушбу чоралар 9 октябрдан кучга кириши кутилмоқда.
Маълумот учун, Бельгияда пандемия бошланганидан буён 132 мингдан ортиқ киши коронавирус юқтирган. Вафот этганлар 10 мингдан ошиб кетган.
Дунёда эса коронавирусга чалинганлар 36 миллионга яқинлашмоқда. 1 миллиондан кўп киши касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.