Бельгия Киевга 1 млрд долларлик қурол бермоқчи
Олам
−
08 Март
1882Бельгия Мудофаа вазири Тео Франкен жорий йилнинг 6 март куни Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашув чоғида у Киевга бир миллиард еврога яқин (1 миллиард доллардан ортиқ) ҳарбий ёрдам таклиф қилганини айтди. Бу ҳақда вазир Европа иттифоқининг Украина бўйича фавқулодда саммити якунлари бўйича VRT телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Бельгия четда кузатиб турмайди ва 1 миллиард евролик қурол-аслаҳа беради. Шу жумладан, Чехия артиллерия ташаббуси доирасида артиллерия снарядларини харид қилиш учун ажратилган 216 миллион евро, Германия ташаббуси доирасида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун 200 миллион евро, шунингдек, Бельгия F-16 самолётларини етказиб бериш режалаштирилган”, деган Франкен.
Олдинроқ саммит арафасида Бельгия Бош вазири Барт Де Вевер мамлакат энди самолётни 2026 йилда Киевга етказиб бериш ниятида эканини айтган эди. У бир ярим йиллик кечикишни АҚШдан Бельгияга фойдаланишдан чиқарилган F-16 самолётларини алмаштириши керак бўлган F-35 самолётларини етказиб беришдаги кечикиш билан изоҳлади.
Де Вевер, шунингдек, Бельгия НАТОнинг яхши аъзоси бўлишни ва тезда ҳарбий бюджетини ялпи ички маҳсулотнинг ҳозирги 1,3 фоизидан 2 фоизигача оширишни хоҳлаётганини эълон қилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “The Irish Times” нашри Ирландия ҳукумати қонунчиликка ўзгартиришлар киритишни маъқуллагани, бу эса махсус тайёргарликка эга ҳарбий бўлинмаларни (Army Ranger Wing, ARW) Украинага юборишга имкон беришини ёзганди.