Бектенов Бош вазир лавозимида қолди
Олам
−
11:29 2778 3 дақиқа
Қасим-Жомарт Тўқаев Қурултойнинг ялпи мажлисида бош вазир лавозимида Олжас Бектеновни қолдиришни таклиф қилди ва депутатлар таклиф этилган номзодни маъқуллади. Бу ҳақда Оқўрда хабар берди.
Қайд жтилишича, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тўқаев бугун, 31 август куни Олжас Бектеновни бош вазир лавозимида қолдиришни таклиф қилган.
Фракция етакчиларига мурожаат қилар экан, Президент Қозоғистоннинг янги Конституцияси 46-моддасига мувофиқ, Олжас Бектеновнинг бош вазирлик лавозимига номзоди бўйича улар билан маслаҳатлашувлар ўтказиши кераклигини маълум қилган.
“Муҳокамада “Адолат” партияси фракцияси раҳбари Ербол Адаев, “Оул” халқ-демократик патриотик партиясидан Қайрат Айтуганов, “Respublica” партиясидан Айдарбек Ходжаназаров, “Оқ йўл” демократик партиясидан Дания Еспаева ва Умуммиллий социал-демократик партиядан Асҳат Раҳимжанов иштирок этди”, дейилади хабарда.
Депутатлар Олжас Бектеновнинг бош вазирлик лавозимига номзодини ёқлаб овоз берган.
Эслатиб ўтамиз, Олжас Бектенов 2024 йил 6 февралда Қозоғистон бош вазири этиб тайинланган эди.
Ҳукуматнинг расмий сайтидаги маълумотларга кўра, Олжас Абаевич Бектенов 1980 йилда Олмаотада туғилган. Қозоғистон давлат юридик академиясни “ҳуқуқшунос” мутахассислиги бўйича тамомлаган (2001 йил).
Меҳнат фаолиятини 2002 йилда Олмаота шаҳар Адлия бошқармасида бўлим бош мутахассиси сифатида бошлаган.
2005–2006 йилларда — Қозоғистон Республикаси Бош вазири Девонининг юридик бўлими эксперти, бош эксперти бўлиб, 2006 йилдан 2009 йилгача Қозоғистон Республикаси Президенти Администрациясида ишлаган.
2009 йилдан 2012 йилгача Қозоғистон Республикаси Адлия вазирлиги Рўйхатга олиш хизмати ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш қўмитаси раиси ўринбосари бўлган.
2012–2014 йилларда Қозоғистон Республикаси Иқтисодий ва коррупцияга қарши кураш агентлиги (молия полицияси) марказий аппаратида департамент бошлиғи лавозимида хизмат қилган.
Шунингдек:
2015–2016 йилларда — Остона шаҳри ҳокими аппарати раҳбари, Қозоғистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари котибияти мудири.
2016–2017 йилларда — Коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси (коррупцияга қарши хизмат) Астана шаҳар департаменти раҳбари.
2017 йилдан 2018 йилгача — Оқмўла вилояти ҳокими ўринбосари.
2018 йилдан 2019 йилгача — Қозоғистон Республикаси Давлат хизмати ва коррупцияга қарши курашиш агентлиги раиси ўринбосари.
2019 йилдан 2022 йилгача — Қозоғистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раисининг биринчи ўринбосари.
2022 йил февралидан 2023 йил апрелигача — Қозоғистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раиси.
2023 йил 3 апрелда давлат раҳбарининг фармони билан Қозоғистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари этиб тайинланган.
2024 йил 6 февралда Қозоғистон Республикаси Президенти фармони билан Қозоғистон Республикаси Бош вазири этиб тайинланган.
II даражали “Айбын” (2014), II даражали “Даңқ” (2021) орденлари билан мукофотланган.
Live
Барчаси