Бектемир Мелиқўзиев 3-раундда нокаутга учраб, илк бор мағлуб бўлди (видео)
Спорт
−
20 Июнь 2021
19435Кеча, АҚШнинг Техас штатида ўзбекистонлик боксчи Бектемир Мелиқўзиев америкалик Габриэль Росадога қарши рингга кўтарилди. 12 раундга мўлжалланган жанг 3-раундда Бектемирнинг нокаутга учраши билан якунланди.
Росадо раунд ўртасида ўнг қўлидаги кучли зарбаси билан Бектемирни рингга қулатди. Ушбу вазиятда рефери жангни тўхтатди ва Росадонинг ғалабасини қайд этди.
Таъкидлаш керакки, 1-раундда Бектемир ҳам рақибини нокдаун ҳолатига туширишга улгурганди. Умуман, нокаутгача Бектемир жангни ўз фойдасига ҳал қилаётганди. Биргина зарбани ўтказиб юбориш ўзбекистонлик боксчига қимматга тушди.
GABE ROSADO WITH THE KO OUT OF NOWHERE 🤯 pic.twitter.com/mOEAP2SChG
— DAZN Boxing (@DAZNBoxing) June 19, 2021
Шу тариқа, Бектемир профессионал фаолиятидаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди. Унинг ҳисобида шу вақтга қадар 7 та жанг ва 7 ғалаба бор эди. Шундан 6 тасида 25 ёшли боксчи рақибларини нокаутга учратган.
Габриэль Росадо ҳам тажрибали боксчилардан. 35 ёшли америкаликнинг ҳисобида 26 та ғалаба, 13 та мағлубият ва 1 та дуранг бор.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Халқаро бокс федерацияси (AIBA)нинг берган расмий хабарномасига кўра, Бектемир Мелиқўзиев тўрт йил муддатга дисквалификация қилинди. Боксчининг 2020 йил 16 февралдан бошлаб мусобақаларда олган барча медаллари ва рейтинг очколари бекор қилинди ҳамда 2024 йил 15 февралига қадар турли спорт мусобақаларида (профессионал боксда жанг ўтказиш бундан мустасно) иштирок этиши тақиқланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь