Бектемир Мелиқўзиев 4 йилга дисквалификация қилинди

Спорт 20810
image

Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигига Халқаро бокс федерацияси (AIBA)нинг берган расмий хабарномасига кўра, ўзбекистонлик боксчи Бектемир Мелиқўзиев тўрт йил муддатга дисквалификация қилинди.

Спортчи 2020 йил 16 февралдан бошлаб 2024 йил 15 февралга қадар барча спорт мусобақаларида (миллий ва халқаро чемпионатлар, турли ўйинлар в.х.к) иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, 2020 йил 16 февралдан бошлаб мусобақаларда олган барча медаллари ва рейтинг очколари бекор қилинди. Шу билан бирга, Бутунжаҳон антидопинг кодексига кўра, Б.Мелиқўзиевнинг профессионал боксда чиқишларини давом этиши ёки этмаслиги тегишли Халқаро профессионал бокс ташкилотининг қарорига боғлиқ бўлади. Агар рухсат берадиган бўлса, дисквалификацияси тугагунгга қадар фақатгина профессионал боксда жанг ўтказиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, дастлаб Бектемирдан олинган допинг-синамасида “фуросемид” тақиқланган моддаси аниқланган бўлиб, у 2018 йил 28 февралдан бошлаб 2020 йил 27 февралгача 2 йиллик дисквалификация билан жазоланганди. Спортчи томонидан кейинги антидопинг қоидалари бузилиши дастлабки белгиланган жазо муддати ичида, яъни 2019 йил 30 сентябрда содир этилиб, унда ADAMS тизимида боксчининг ўзи киритган манзили бўйича етиб келишган допинг-назоратчилари кўрсатилган манзилда боксчи бўлмаганлиги учун ундан режали допинг-синамани олишолмаган. Худди шу вазият яна икки маротаба – 2019 йил 21 октябрь ва 2020 йил 16 февраль кунлари такрорланган.

Бутунжаҳон антидопинг кодексининг 2.4-моддасига асосан, бу турдаги антидопинг қоидабузарлик учун 2-йиллик дисквалификация жазо чораси қўлланилган. Лекин кейинги антидопинг қоидабузарлик аввалги антидопинг қоидабузарлик учун белгиланган муддат ичида содир этилган бўлса, бунда кейинги антидопинг қоидабузарлик муддати икки баравар кўпайтирилади. Шу сабабли, Мелиқўзиевга жами 4-йиллик дисквалификация белгиланди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 917
Рейтинг: 2.9
t
×