Бекмурод Абдуллаев янги лавозимга тайинланди
Жамият
−
24 Сентябрь 6337 2 дақиқа
Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан генерал-майор Бекмурод Абдуллаев Чилонзор тумани ИИО ФМБ бошлиғи лавозимига тайинланди. Буни Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов QALAMPIR.UZ’га тасдиқлади.
Маълумот учун, Бекмурод Абдуллаев 1975 йилда туғилган. 1997 йилда Мудофаа вазирлиги Самарқанд олий ҳарбий автомобиль ва муҳандислар қўмондонлик билим юртини, 2009 йилда Наманган давлат университетини тамомлаган. У 2020-2021 йилларда Миллий гвардия қўмондонининг биринчи ўринбосари лавозимларида хизмат қилган. 2021 йилдан 2025 йилгача Ички ишлар вазирининг ўринбосари – жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг апрелида Ички ишлар вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланган Бекмурод Абдуллаев 2025 йилнинг 3 ноябрь куни ишдан бўшатилди. 2026 йилнинг 27 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислиги Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Қўриқлаш бошқармасида ўтган видеоселектор йиғилишида Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи Рустам Турсуновга нисбатан Ички ишлар вазирлиги тизимидаги давлат харидлари доирасида 186 миллиард сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани бўйича жиноят иши қўзғатилгани, вазир ўринбосари қамоққа олингани айтилди. Апрель ойининг ўрталарига келиб, Бекмурод Абдуллаев томонидан давлатга етказилган зарар қоплаб берилгани учун озодликка чиққани ҳақида хабарлар тарқалди, бироқ ҳуқуқ-тартибот органлари бу хабарларни тасдиқлагани йўқ, лекин рад ҳам этмади.
Кейинроқ, Бекмурод Абдуллаев, Рустам Турсунов ва яна 28 кишига оид жиноят иши шахсий ҳаётга оид ҳамда қонун билан муҳофаза этиладиган бошқа маълумотлар мавжудлиги сабабли ёпиқ суд мажлисида кўрилаётгани айтилди. Суд якунлари бўйича эса расмий маълумот берилмади. QALAMPIR.UZ’даги маълумотларга кўра, Бекмурод Абдуллаевга қўйилган айбловлар ўз исботини топмаган ва у оқланган.
Live
Барчаси