“Бегуноҳ қурбон”. Эбола ҳақида гапирган сиёсатчи ўлдириб кетилди
Олам
−
09:07 1228 2 дақиқа
Конго Демократик Республикасида ҳукмрон партиянинг юқори лавозимли вакили Эбола эпидемияси ҳақида радио орқали чиқиш қилганидан кейин калтаклаб, ўлдирилди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Қайд этилишича, Мари-Селестин Карондва исмли шахс мамлакат шарқидаги Эбола эпидемиясининг янги ўчоғига айланган Бутембо шаҳрида Демократия ва тараққиёт учун иттифоқ партияси федерал ижроия қўмитасининг вақтинчалик президенти бўлган.
Карондва жорий йилнинг 27 сентябрь куни радиодастурда қатнашиб, Эбола вируси тарқалишининг олдини олиш чораларини тарғиб қилган. Шундан сўнг унга ҳужум қилинган.
Партия маълумотига кўра, ҳужум қилганлар Карондвани калтаклаган, унинг буюмларини олиб кетган ва уйига ўт қўйган. Сиёсатчи олган жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Ҳозирча ҳужумни ким уюштиргани, унда қанча одам қатнашгани ва бунга нима сабаб бўлгани номаълум. Партия Карондвани Эбола вируси мавжудлиги ва унинг аҳоли учун хавфини ҳимоя қилгани учун “бегуноҳ қурбон” бўлганини билдирган.
Нашрга кўра, Карондванинг ўлими мамлакатда Эбола сабабли тиббиёт ходимлари ва даволаш марказларига қарши ҳужумлар кучайган бир пайтга тўғри келмоқда. Мутахассислар бундай ҳолатларга касаллик ҳақидаги миш-мишлар, нотўғри маълумотлар ва тиббиёт ходимларига нисбатан ишончсизлик сабаб бўлаётганини айтмоқда.
Маълумот учун, Эбола одамлар ва приматларда учрайдиган, жуда юқумли ва кўпинча ўлимга олиб келадиган вирусли касаллик ҳисобланади. У тана суюқликлари ёки зарарланган буюмлар орқали юқади.
Ҳозирги эпидемия кам учрайдиган Bundibugyo вируси сабабли юзага келган. Унга қарши тасдиқланган даволаш усули ёки вакцина мавжуд эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конгода Эбола вирусини юқтирганлар сони 8 мингдан ошиб, касаллик оқибатида 3901 киши вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиStarship космик кемаси илк бор орбитага йўл олди
28 Сентябрь