Байрутда 10 минглаб одам Насруллоҳнинг дафн маросимида қатнашди (видео)

Олам

image

Бугун, 23 февраль куни Байрутда “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатининг собиқ етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг дафн маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Ливан пойтахти чеккасида жойлашган Camille Chamoun Sports City стадионида ўтказилган маросимга ўн минглаб одамлар ташриф буюрган. Кузатувчиларга кўра, Ҳасан Насруллоҳнинг дафн маросими Ливанда сўнгги йигирма йилликдаги энг йирик маросимдир. Унда минтақанинг бир қатор расмийлари, жумладан, Эрон парламенти спикери Муҳаммад Бағир Ғолибаф ва Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи иштирок этиши кутилмоқда. Бундан ташқари, маросимда Ливан олий мансабдор шахслари, жумладан парламент спикери ҳамда мамлакат Президенти ва Бош вазири вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

“Ҳизбуллоҳ” воизи Али Даамуш журналистларга дафн маросимида минглаб фуқаролар ва фаоллардан ташқари 65 давлатдан 800 га яқин меҳмон иштирок этишини айтган.

“Ҳизбуллоҳ”нинг янги раҳбари, илгари Насруллоҳнинг ўринбосари бўлиб ишлаган Наим Қосим бугун, 23 февраль куни телевидение орқали ҳаракат ўзининг собиқ раҳбари “йўлидан боришда давом этишини” айтди.

“Мен Насруллоҳ меросига содиқман”, деб таъкидлади унинг вориси.

Айни пайтда Исроил расмийлари “Ҳизбуллоҳ”га хабар юбориш ниятида эканини маълум қилди. Шу муносабат билан мотам маросимида Исроил ҳарбий самолётлари Байрут осмонида парвоз қилди.

“Ҳасан Насруллоҳнинг дафн маросими пайтида Байрут устидан учаётган Исроил ҳаво кучлари самолётлари Исроилни йўқ қилиш билан таҳдид қилган ёки Исроилга ҳужум қиладиган ҳар бир кишига аниқ хабар юборади: Бу уларнинг охирги иши бўлади”, деди Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац.

Маълумот учун, “Ҳизбуллоҳ”га 30 йилдан ортиқ раҳбарлик қилган Ҳасан Насруллоҳ 2024 йил 27 сентябрь оқшомида ҳаракатнинг Байрут жанубидаги штаб-квартирасига Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган. Бир неча кундан кейин Насруллоҳнинг вориси деб аталган Ҳасан Насруллоҳнинг амакиваччаси Ҳошим Сафиуддин ҳам ўлдирилди.

Исроил 2024 йил сентябрь ойининг иккинчи ярмида “Ҳизбуллоҳ”га қарши “ҳарбий операция” бошлади. Исроил ҳаво ҳужумларида гуруҳнинг бир қанча етакчилари ҳалок бўлди. Шу билан бирга, Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил ҳаво ҳужумлари пайтида юзлаб одамлар, жумладан аёллар ва болалар ҳалок бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ливан Байрут Ҳизбуллоҳ Ҳасан Насруллоҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг