Байрамов Зеленский билан учрашди. Улар нималарни гаплашди? (видео)

Олам

image

Кеча, 6 август куни Украина Президенти Владимир Зеленский Киевда Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов билан учрашди. Бу ҳақда Зеленский ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.

Зеленскийнинг қайд этишича, Байрамов уруш бошланганидан буён илк бор Киевга ташриф буюрган. Томонлар мудофаа, энергетика, нефть, табиий газ ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни муҳокама қилган. Учрашувда олий даражадаги алоқалар, мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик, энергетика, нефть, табиий газ ва қишлоқ хўжалиги йўналишларидаги иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

“Биз олий даражадаги дипломатик алоқалар, мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик, шунингдек, энергетика, нефть, табиий газ ва қишлоқ хўжалиги йўналишларидаги иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдик”, деб ёзган Зеленский.

Байрамов Киев яқинидаги Ирпин шаҳрида Озарбайжон кўмагида қурилган мактаб, шифохона ва реабилитация марказига ҳам ташриф буюрган.

“Украинани қўллаб-қувватлаётгани, энергетика соҳасидаги ёрдами, гуманитар кўмаги ва конструктив мулоқоти учун Озарбайжонга миннатдорлик билдирамиз”, дея таъкидлаган Зеленский.

Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Жайҳун Байрамовнинг Украинага расмий ташрифи давомида Украина Президенти Владимир Зеленский томонидан қабул қилинганини маълум қилган.

Вазирлик маълумотларига кўра, учрашувда Озарбайжон ва Украина ўртасидаги стратегик шерикликнинг жорий ҳолати ва келгуси истиқболлари муҳокама қилинган. Стратегик шерикликни янада ривожлантириш, айниқса, келаси йили Озарбайжон ва Украина ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги нишонланиши муносабати билан ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги таъкидланган.

Вазир Байрамов Озарбайжоннинг Украинани унинг халқаро миқёсда тан олинган чегаралари доирасидаги суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашдаги ўзгармас позициясини тасдиқлаган.

Президент Зеленский эса Украина учун кўрсатилаётган гуманитар ёрдам учун Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва мамлакат ҳукуматига миннатдорлик билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жайҳун Байрамов расмий ташриф билан Киевга боргани ва Андрей Сибига билан биргаликда Украина Қуролли кучлари ҳарбийлари хотира майдонига гул қўйгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг