Байрамов Ереванни ҳудудий даъволардан воз кечишга чақирди
Олам
−
05 Декабрь
3593Баку ва Ереван ўртасидаги муносабатларнинг нормаллашуви Арманистоннинг ўз Конституциясида Озарбайжонга нисбатан акс эттирилган ҳудудий даъволарни ўчиришига боғлиқ. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов Малтада бўлиб ўтган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 31-йиғилишида сўз очди.
“Эришилган ютуқларга қарамай, нормаллашув йўлида ҳал қилинмаган муаммолар мавжуд. Ушбу жараённинг якунланиши Арманистон томонидан Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш бўйича қабул қилинган мажбуриятларнинг амалда бажарилишига, шу жумладан конституция ва бошқа қонун ҳужжатларида ҳанузгача акс эттирилган ҳудудий даъволарни ўчиришга боғлиқ”, деди вазир.
Байрамовга кўра, Арманистон Конституциясида Озарбайжоннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олишга шубҳа билан қараш давом этар экан, икки мамлакат ўртасида тинчлик ва яхши қўшничилик муносабатлари барқарор бўла олмайди.
“Ереван икки томонлама келишувни амалга оширишни ички ҳуқуқий ёки сиёсий сценарийларга боғлаши бу жараённи мураккаблаштиради”, дейди у.
Вазирнинг сўзларига кўра, айни пайтда Озарбайжон ва Арманистон тарихий қарама-қаршиликни тугатиш ва яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатиш имкониятига эга бўлиб турган бир пайтда, барча саъй-ҳаракатлар суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ўзаро ҳурмат асосида нормаллашув жараёнини якунлашга қаратилиши зарур.
“Озарбайжон бу масалада қатъиятли ва Арманистон томонидан ҳам жавоб берувчи сиёсий ирода ва масъулиятни кутмоқда”, деди Байрамов.
Шу билан бирга, у тинчлик келишувининг лойиҳаси устида олиб борилаётган ишда сезиларли прогрессга эришилганини таъкидлади. Хусусан, бу ютуқлар бевосита икки томонлама музокаралар нормаллашув жараёнида олдинга силжишнинг энг яхши ва ягона ҳаётий йўли эканини яққол намойиш этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян давлат телевидениесига берган интервьюсида Ереван ўзаро келишув асосида Бакуга қарши халқаро даъволардан воз кечишга тайёр эканини билдирган эди.