Байден Зеленскийга ҳарбий ёрдам ваъда қилди

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 22 апрель куни Украина Президенти Владимир Зеленский билан бўлиб ўтган телефон суҳбатида миллий хавфсизликни таъминлаш учун қўшимча маблағлар ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Сенат томонидан қабул қилиниши биланоқ унинг маъмурияти зудлик билан Украинанинг хавфсизлик ва ҳаво мудофааси эҳтиёжларини қондириш учун янги муҳим хавфсизлик ёрдам пакетларини тақдим этишини айтди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этиш жоизки, 20 апрель куни Вакиллар палатаси икки партиянинг кенг қўллаб-қувватлаши билан Украина, Исроил ва Тайванга хавфсизлик соҳасида ёрдам кўрсатадиган 95 миллиард долларлик қонунчилик пакетини қабул қилди. Шунгача Украинага ёрдам бир неча ойга кечиктирилганди. Президент Жо Байдендан тортиб Сенатдаги республикачи Митч Макконнелгача бўлган АҚШ етакчилари Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсонни қонун лойиҳасини овозга қўйишга чақирди. Қонун лойиҳаси энди демократлар кўпчиликни ташкил этувчи Сенатга юборилади, у икки ойдан кўпроқ вақт олдин шунга ўхшаш чорани маъқуллаганди.

Бугун, 23 апрель куни Сенат қонун лойиҳасини кўриб чиқишни бошлаши режалаштирилган. Дастлабки овоз бериш бугун тушдан кейин бўлиб ўтади. Келгуси ҳафта қонун лойиҳасининг якуний қабул қилиниши кутилмоқда, шундан сўнг Байден уни имзолаши мумкин.

Президент Байден АҚШнинг иқтисодий ёрдами молиявий барқарорликни сақлашга, Россия ҳужумларидан кейин муҳим инфратузилмани тиклашга ва Украина Евро-Атлантика интеграцияси сари интилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашига урғу берди.

Ўз навбатида, Украина Президенти америкалик мавқедошига миннатдорлик билдириб, Киев ATACMS ракета мажмуаларини олишини айтди. Зеленский ўзининг Telegram-каналида Америка Президенти билан суҳбатда Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон ва Вакиллар палатаси озчиликлар етакчиси Ҳаким Жеффриснинг Украинага йирик ҳарбий ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳасининг қабул қилинишини таъминлашдаги ролини қайд этганини айтди.

Кейинчалик, кечки видеомурожаатида Зеленский ҳали Сенат томонидан маъқулланмаган ва Жо Байден томонидан имзоланиши кутилаётган қонун узоқ масофали ҳарбий-тактик ракета тизимларини Украинага ўтказишни кўзда тутаётганини қўшимча қилди.

"Украина учун ATACMS келишуви барча тафсилотларни ўз ичига олади. Раҳмат, жаноб Президент, раҳмат, Конгресс, раҳмат, Америка ", дейди у.

21 апрель куни Сенат разведка қўмитаси раиси Марк Уорнер ATACMS келаси ҳафтада Украинага юбориладиган қуроллар қаторида эканини айтган. Ўтган йилнинг октябрь ойида Оқ уй Киевга 165 километргача бўлган масофадаги нишонларга зарба бера оладиган ATACMS тизимларини тақдим этганини тасдиқлаган эди.

Шунингдек, Зеленский Байденга “Россия ҳаво террори билан минглаб ракеталар, дронлар ва бомбалар ҳужуми” ҳақида гапириб берди ва Украинанинг иккинчи йирик шаҳри Харковдаги телеминорага уларнинг суҳбатидан бир неча дақиқа олдин содир бўлган зарбани қайд этди. Украина Президенти Киевга ташриф буюрган конгресс делегациясига Украинанинг энг долзарб мудофаа эҳтиёжлари, хусусан, ҳаво мудофаасини кучайтириш ҳақида маълумот етказганини ёзган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Украина Владимир Зеленский Жо Байден ATACMS

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг