Байден Украинага сўнгги ёрдам пакетини ажратмоқчи
Олам
−
11:25
6244АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден администрацияси республикачи Дональд Трамп Оқ уйга қайтиши олдидан Украинага 6 миллиард доллардан ортиқ сўнгги ёрдам пакетини юборишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Politico” хабар берди.
Қайд этилишича, бу демократларнинг Украина учун мавжуд бўлган ягона варианти. Киевга бу ёрдамни тезкор юборишдаги тўсиқ шундаки, АҚШ фақат мавжуд асбоб-ускуна ва техникаларни жўнатиш имкониятига эга. Янгиларини ишлаб чиқариш эса вақт талаб қилади. Мавжуд ўқ-дориларни юборишга Пентагон қаршилик қилиши ҳам мумкин, сабаби бу унинг ҳарбий шайлигига таъсир қилади.
“Муаммолар жуда катта. Одатда ёрдам пакети эълон қилингач, ўқ-дорилар ва жиҳозларнинг Украинага етиб бориши учун бир неча ой вақт кетади. Шу сабабли, яқин ҳафталарда эълон қилинадиган ҳар қандай ёрдам тўлиқ етказиб берилиши Трамп маъмурияти даврига тўғри келади. Бундан ташқари, янги сайланган президент юкларни манзилга етиб боришидан олдин тўхтатиб қўйиши мумкин”, дейилади хабарда.
Трампнинг Украинага кўрсатилаётган ёрдамни танқид қилиши, охир-оқибат иттифоқчиларни музлатилган Россия активларидан олинган 48 миллиард долларга яқин фоизни Украинага қайта тиклаш ва қурол-яроғ сотиб олиш учун кредит сифатида беришга ундади. Байден маъмурияти ушбу маблағдан Киевга тахминан 20 миллиард доллар миқдорида кредит ажратишни ваъда қилган, бироқ бу ваъданинг тақдири, кўп нарсалар сингари, ҳозирча номаълум бўлиб турибди.
Европа Иттифоқи мамлакатлари Трампнинг АҚШдаги президентлик сайловларида ғалаба қозонгани фонида Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Украинага 425 миллион доллар миқдоридаги янги ҳарбий ёрдам пакети ажратганди. Янги пакетга NASAMS зенит мажмуалари учун ўқ-дорилар, HIMARS кўп марталик ракета тизимлари, Stinger кўчма зенит-ракета мажмуалари, шунингдек, 155 ва 105 мм калибрли артиллерия снарядлари киради. Қўшимча равишда ТОW танкка қарши тизимлари учун ўқ-дорилар, Javelin ва АТ-4 мажмуалари, дронларга қарши воситалар, авиация ўқ-дорилари, Stryker бронетранспортёрлари, ўқотар қурол ва тиббий ускуналар киради.
LiveБарчаси