Байден, Шольц ва Макрон Путиннинг қарорини Минск келишувларига тупуриш деб баҳоламоқда

Олам

image

Қўшма Штатлар Россия президенти Владимир Путиннинг Украина шарқида россияпараст айирмачилар назорати остидаги ўзини ноқонуний деб эълон қилган тузилмаларнинг “мустақиллигини” тан олиш қарорини кескин қоралмоқда. 

Президент Жо Байден Украина Президент Владимир Зеленский, Франция ъПрезиденти Эммануэль Макрон ва Германия канцлери Олаф Шольц билан Украина чегараларида кескинликнинг кучайиши муносабати билан телефон орқали мулоқот қилди. 

Музокаралар якунлари бўйича Оқ уй баёнотига кўра, етакчилар Путиннинг қарорини кескин қоралаган ва мавжуд вазиятда кейинги қадамларни мувофиқлаштиришни муҳокама қилган. 

Зеленский билан суҳбат чоғида Байден АҚШнинг Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган. 

“Президент Байден Қўшма Штатлар ўз иттифоқчилари ва ҳамкорлари билан биргаликда Россиянинг Украинага нисбатан кейинги тажовузига тез ва қатъий жавоб беришини яна бир бор тасдиқлади”, дейилади АҚШ маъмурияти баёнотида.  

Байден, Шольц ва Макрон ўртасида ўтган телефон мулоқотида ҳар уч музокарачи ҳам Россиянинг бир томонлама ҳаракати Минск келишувларини очиқдан-очиқ бузиш эканлигига келишиб олинган. Германия, Франция ва АҚШ Россия Президенти [Владимир Путин] қарорини кескин қоралайди. Уларнинг айтишича, “бу ҳаракат жавобсиз қолмайди”.  

"Ҳамкорлар Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини сақлаб қолиш бўйича саъй-ҳаракатларни заифлаштирмасликка келишиб олдилар. Шу билан бирга, уларга кўра, вазият янада кескинлашишига йўл қўймаслик учун ҳаракат қилинади", дейилади Германия Вазирлар Маҳкамаси вакили берган маълумотда. 

Эслатиб ўтамиз, кеча, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.

Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.

Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

181

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг