Байден рекорд даражадаги мудофаа бюджетини имзолади
Олам
−
23 Декабрь 2023
7282АҚШ Президенти Жо Байден мамлакатнинг 2024-молия йили учун рекорд миқдорда – 886,3 миллиард долларлик мудофаа бюджетини имзолади. Бу ҳақда кеча, 22 декабрь куни Оқ уй маълум қилди.
1 октябрда бошланган 2024-молия йили учун бюджет лойиҳаси АҚШ Конгрессининг ҳар икки палатаси томонидан маъқулланган.
Ҳужжат Мудофаа, Энергетика вазирликлари, АҚШ Давлат департаменти, шунингдек, разведка хизматлари ва миллий хавфсизлик дастурлари фаолиятини молиялаштиришни белгилайди.
“Қонун келажакда можароларнинг олдини олиш, ҳарбий кучларни яратишимиз учун зарур бўлган муҳим органларни таъминлайди”, деб таъкидлади Оқ уй раҳбари.
Байден тасдиқлаган ҳужжатга кўра, америкалик ҳарбий хизматчиларнинг расмий маошлари 5,2 фоизга ошади. Бундан ташқари, мудофаа бюджетида айтилишича, баъзи Хитой аккумулятор компаниялари АҚШ харидларида иштирок эта олмайди.
Шунингдек, Жо Байден имзолаган бюджет Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббусини 2026 йил охиригача узайтиради, бу эса Киевга 2024 йил 30 сентябрда якунланадиган жорий молия йилида дастур учун 300 миллион доллар ажратиш имконини беради. Пул АҚШдаги арсеналлардан тўғридан тўғри етказиб бериш учун эмас, балки Украинага юбориладиган қуролларни ишлаб чиқаришга сарфланади.
Эслатиб ўтамиз, Байден маъмурияти Украинани Россияга қарши мудофаа урушида қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағ деярли тугаб қолганини бир неча бор таъкидлаган. АҚШ Президенти Конгрессдан хавфсизлик учун 106 миллиард доллар, жумладан, Украинага 60 миллиард доллардан ортиқ ёрдам ажратишни маъқуллашни сўради, бироқ конгрессменлар бу таклифни рад этди. Пентагон АҚШ Конгресси Украинага қўшимча маблағ ажратишни маъқулламаса, унинг Киевга ёрдам бериш имконияти 30 декабрда тугаши ҳақида огоҳлантирди.
LiveБарчаси