Байден Москвада қамалган спортчига жавоб хати ёзди
Спорт
−
07 Июль 2022
17552АҚШ Президенти Жо Байден Москвада гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланиб, қўлга олинган Бриттни Грайнернинг мактубига жавоб хати тайёрлаб қўйган. Бу ҳақда CNN нашри хабар берди.
Манбага кўра, Байден Грайнернинг турмуш ўртоғи Шереллга қўнғироқ қилиб, Бриттни ва бошқа Америка фуқароларини имкон қадар тезроқ озод қилиниши учун ҳаракат қилаётганига ишонтирган ва маҳбуснинг оиласига тўлиқ ёрдам таклиф қилган.
Байденнинг маъмурияти Бриттнини уйига қайтариш учун барча имкониятлардан фойдаланади. Шунингдек, Президент суҳбат чоғида Грайнерга юбормоқчи бўлган жавоб хати қораламасини ҳам ўқиб берган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 июль куни Бриттни Грайнер ёрдам сўраб, Президент Жо Байденга мактуб ёзганди. Шундан сўнг, Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер Президентга баскетболчи томонидан ёзилган мактубни ўқиб берганини маълум қилди.
Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг 1 июль куни Грайнер иши бўйича биринчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд залида АҚШ элчихонаси ходимлари ҳам бўлган. Прокурор айблов хулосасини ўқиб эшиттирган ва икки гувоҳ сўроқ қилинган. Шундан сўнг, суд мажлиси 7 июлга қолдирилган.
Баскетболчи жорий йилнинг 17 февраль куни “Шереметьево” аэропортида қўлга олинган. У гиёҳванд моддалар контрабандасида (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 229.1-моддаси 2-қисми) ва уларни ноқонуний ташишда (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 228-моддаси 1-қисми) айбланмоқда.
Маълумот ўрнида, Бриттни баскетбол бўйича АҚШ аёллар терма жамоаси билан биргаликда икки карра Олимпия чемпиони ҳисобланади. У 2015 йилдан бери Россиянинг УГМК баскетбол клубида фаолият юритиб келади. Шунингдек, Грайнер WNBA'нинг энг кучли 25 баскетболчиси рўйхатига киритилган.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси