Москвада қамалган спортчининг “нолалари” Жо Байденга етиб борди

Спорт 16713
image

Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер АҚШ Президенти Жо Байденга Россияда ҳибсга олинган баскетболчи Бриттни Грайнернинг мактубини ўқиб берганини маълум қилди. Бу ҳақда CNN телеканалида хабар берилди.

“Биз Грайнерни уйга қайтариш учун барча имкониятларни ишга соламиз”, деган Оқ уй матбуот котиби.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши расмий вакили Эдриэнн Уотсоннинг сўзларига қараганда, Жо Байден чет мамлакатларда гаровга олинган ёки ноқонуний қамоққа ҳукм қилинган Америка фуқаролари озод қилиниши кераклигини таъкидлаган.

“Президент Байден хорижда гаровга олинган ёки ноқонуний ҳибсда сақланаётган барча АҚШ фуқаролари, жумладан Бриттни Грайнер ҳам озод этилиши кераклигини айтди. АҚШ ҳукумати Грайнерни уйига олиб келиш учун барча мавжуд воситалардан фойдаланган ҳолда фаол ишлашда давом этмоқда.

Президентнинг жамоаси Бриттни оиласи билан доимий алоқада бўлиб турибди. Вакилларимиз сўнгги ҳафталарда Бриттнининг турмуш ўртоғи билан бир неча бор гаплашди. Оқ уйнинг гаровга олинганлар бўйича махсус вакили Бриттни оиласи, жамоадошлари ва уни қўллаб-қувватловчилар билан учрашган. Улар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган”, деган Миллий хавфсизлик кенгашининг расмий вакили.

Эслатиб ўтамиз, 4 июль, АҚШ Мустақиллик кунида Бриттни Грайнер Президент Жо Байденга мактуб йўллаб, қамоқдан озод қилиниши учун ёрдам сўраган эди.

Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг 1 июль куни Грайнер иши бўйича биринчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд залида АҚШ элчихонаси ходимлари ҳам бўлган. Прокурор айблов хулосасини ўқиб эшиттирган ва икки гувоҳ сўроқ қилинган. Шундан сўнг, суд мажлиси 7 июлга қолдирилган.

Баскетболчи жорий йилнинг 17 февраль куни “Шереметево” аэропортида қўлга олинган. У гиёҳванд моддалар контрабандасида (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 229.1-моддаси 2-қисми) ва уларни ноқонуний ташишда (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 228-моддаси 1-қисми) айбланмоқда. 

Маълумот ўрнида, Бриттни баскетбол бўйича АҚШ аёллар терма жамоаси билан биргаликда икки карра Олимпия чемпиони ҳисобланади. У 2015 йилдан бери Россиянинг УГМК баскетбол клубида фаолият юритиб келади. Шунингдек, Грайнер WNBA'нинг энг кучли 25 баскетболчиси рўйхатига киритилган.

Маъруф Абдумаликов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 362
Рейтинг: 3
t
×