Байден маъмуриятига Леди Гага ҳам қўшилди
Маданият-санъат
−
14 Апрель 2023
10434Кеча, 13 апрель куни Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байден хонанда ва актриса Леди Гагани Оқ уй ҳузуридаги Санъат-маданият ва гуманитар фанлар қўмитасига ҳамраис этиб тайинлади. Бу ҳақда Оқ уй маъмуриятининг расмий саҳифасида маълум қилинди.
Баёнотга кўра, Гага 13 та “Grammy” мукофоти соҳибаси бўлиб, бу уни тарихдаги энг муваффақиятли аёл мусиқачилардан бирига айлантирган. Оқ уй баёнотида у “Forbes” журналининг дунёнинг энг нуфузли аёллари ҳамда “Time” журнали талқинига кўра дунёдаги энг нуфузли 100 киши рўйхатларига киритилгани алоҳида таъкидланган.
Шунингдек, Байден америкалик продюсер Брюс Коэнни ушбу қўмитанинг яна бир ҳамраиси этиб тайинлаган.
Маълумот учун, Оқ уй ҳузуридаги Санъат-маданият ва гуманитар фанлар қўмитаси 1982 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг вазифаси Оқ уй раҳбарига маданият сиёсати бўйича тавсиялар беришдир. У санъат ва гуманитар фанларни қўллаб-қувватлашга содиқлигини кўрсатган таниқли санъаткорлар, олимлар ва хайриячилардан иборат. Ушбу қўмита аъзолари шахсан АҚШ Президенти томонидан тайинланади.
LiveБарчаси