Байден Киевга 200 млн доллар ёрдам ажратди
Олам
−
13 Декабрь 2023
3779АҚШ Президенти Жо Байден Украинага 200 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлади. Бу ҳақда Байденнинг ўзи кеча, 12 декабрь куни Оқ уйнинг Овал кабинетида Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашувда маълум қилди.
Байден АҚШ Конгрессини Украинага 60 миллиард доллардан ортиқ ёрдам пакетини блокировка қилишдан қаттиқ огоҳлантирди.
Ўз навбатида, Президент Зеленский Байденга Конгресс Киевга янги ёрдам кўрсатишни тўсиб қўйган бўлса-да, унинг мамлакати ҳали ҳам Россияга қарши урушда ғалаба қозониши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Киев ёрдамга камроқ боғланиб қолмоқда ва қўшинлар “Украина ғалаба қозона олишини ҳар куни исботлаяпти”.
Шунингдек, у АҚШнинг Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлашдаги ёрдамини олқишлади.
Айни пайтда, Сенатдаги Республикачилар етакчиси Митч Макконнелл, Конгресснинг Рождество олдидан 60 миллиард долларлик ёрдам пакетини қабул қилиши, ҳатто яқин кунларда келишувга эришилган тақдирда ҳам, “деярли имконсиз” эканини айтмоқда.
Зеленский АҚШга ташрифи чоғида АҚШ Сенати аъзолари билан ёпиқ эшиклар ортида учрашган ва уларни Украинага қўшимча маблағ ажратишни маъқуллашга чақирган. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Сенатидаги учрашув “дўстона ва самимий” ўтган.
“Бу Украинанинг мустақиллик, эркинлик ва демократия учун курашда қўллаб-қувватланишининг муҳим тасдиғидир”, деб ёзди Владимир Зеленский ижтимоий тармоқда.
Унинг сўзларига кўра, у сенаторларга Украинадаги хавфсизлик ва иқтисодий вазиятни баён қилган ва “Американинг ҳаётий ёрдамини сақлаб қолиш” зарурлигини таъкидлаган.
Ўз навбатида, Сенатдаги Демократик партия етакчиси Чак Шумер сенаторларнинг Зеленский билан учрашувини “жуда кучли” деб атади. Унинг айтишича, Украина раҳбари ўз мамлакатининг эҳтиёжлари ва АҚШдан Украинага мумкин бўлган ёрдам вариантларини “муфассал тушунтириб берган”, шунингдек, бу ёрдам Киевнинг ғалаба қозонишига қандай ёрдам бериши мумкинлигини тушунтирган.
Маълумот учун, октябрь ойида Байден Конгрессга Украинага бир йилга 61,4 миллиард доллар, шунингдек, Исроил мудофаасини мустаҳкамлаш учун 14,3 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Қонунчилар бу маблағни ажратиш бўйича ҳалигача келишмаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь