Байден кейинги ҳафтада сайловолди кампаниясини давом эттирмоқчи

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден келаси ҳафта сайловолди ташвиқоти тадбирларида иштирок этишни давом эттириш ниятида. Бу ҳақда Америка етакчисининг сайловолди штаб-квартираси тарқатган баёнотида сўз боради.

“Келгуси ҳафта сайловолди ташвиқотига қайтишни интиқлик билан кутаман, бунда Дональд Трампнинг 2025 йил лойиҳасидан келиб чиқадиган таҳдидни яна бир бор таъкидлаб, ўзимнинг ютуқларим ва Америкага бўлган қарашларим, демократик тизимимизни сақлаб қолиш, ҳуқуқ ва эркинликларимизни ҳимоя қилиш, ҳамма учун имкониятлар яратиш ҳақида гапириб ўтишим мумкин”, дейилади ҳужжатда.

Байден 17 июль куни коронавирус билан касалланганидан кейин сайловолди кампанияларида иштирок этишни тўхтатишга мажбур бўлди. Оқ уйга кўра, Америка етакчиси ўзини изоляция қилган ва давлат раҳбари сифатида хизмат қилишда давом этмоқда.

АҚШда президентлик сайловлари 5 ноябрь куни бўлиб ўтади. АҚШ Демократик партиясидан Байден вакил бўлиши тахмин қилинган эди.

Унинг номзоди Иллинойс штатининг Чикаго шаҳрида 19-22 август кунлари бўлиб ўтадиган Демократик партиянинг миллий қурултойида тасдиқланиши кутилмоқда.

Бироқ Байденнинг 27 июнь куни республикачи Трамп билан сайловолди теледебатидаги ҳалокатли чиқишидан сўнг, Қўшма Штатларда, шу жумладан демократлар орасида ҳам, энг юқори ҳукумат лавозимини сақлаб қолиш учун кейинги уринишлардан воз кечишга чақириқлар кучайиб кетди.

Кейинги воқеалар АҚШ Демократик партиясида Байден ўрнига кимнидир зудлик билан президентликка номзод сифатида кўрсатиш керакми, деган масала бўйича бўлинишнинг чуқурлашишига олиб келди. Президент кейинги дам олиш кунларида қайта сайланиш учун кураш тугаганини эълон қилиши мумкинлигига далиллар бор. Бундай ҳолда, АҚШ Демократик партияси қурултойда тасдиқлаш учун ўзининг янги номзодини қидиришни бошлайди.

Америка оммавий ахборот воситаларида хабар қилинишича, Трамп президентликка сайланса, хусусан, АҚШнинг бир қатор консерватив ташкилотларининг илгари Heritage Foundation томонидан баён этилган ва “2025 йил лойиҳаси” деб номланган таклифларини амалга оширишга ҳаракат қилади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Америка етакчисининг даволовчи шифокори Кевин О’Коннор коронавирусга чалинган Жо Байденнинг аҳволи сўнгги 24 соат ичида сезиларли даражада яхшиланганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ сайлов Жо Байден

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг