Байден Исроилга ҳарбий ёрдамни чеклаш билан таҳдид қилди

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден Исроилдан Ғазо секторидаги ёрдам ходимлари ва тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун "яқин соатлар ва кунларда" янги чоралар кўришни талаб қилди. Бу чора-тадбирлар АҚШнинг ушбу сектордаги ҳарбий амалиётларини кейинги қўллаб-қувватлаши учун асос бўлиши керак. Бу ҳақда Америка етакчиси кеча, 4 апрель куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан телефон орқали суҳбатда сўз очди.

"Президент Байден Исроил фуқароларга зарар етказмаслик ва ёрдам ходимлари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бир қатор аниқ, очиқ ва ўлчанадиган қадамларни эълон қилиши ва амалга ошириши кераклигини аниқ айтди", дейилади Оқ уй баёнотида. 

“Reuters” агентлигининг қайд этишича, бу Вашингтоннинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётлар чоғида Исроилга ҳарбий ёрдам кўрсатиш мавзусидан Тель-Авивга босим ўтказишнинг мумкин бўлган дастаги сифатида фойдаланишга биринчи уриниши бўлган. Сўнгги ойларда Исроил урушни давом эттириш учун АҚШдан катта миқдорда артиллерия ўқ-дориларини олмоқда.

Шу билан бирга, Америка етакчиси Исроилни ҲАМАСга қарши курашда қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади. Шунингдек, Байден Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни Исроил қамоқхоналаридаги маҳбусларга алмашиш масаласини ҳал қилишга чақирди. 

Байденнинг Нетаньяхуга берган огоҳлантириши Исроил аскарлари Ғазо секторидаги World Central Kitchen (WCK) гуманитар ташкилоти карвонига ҳаво ҳужуми уюштирганидан кейин янгради. Ҳужум оқибатида WCK’нинг етти нафар кўнгиллиси ҳалок бўлди, улар орасида Австралия, Буюк Британия ва Польша фуқаролари ҳам бор. Исроил ҳужумни “хато” деб атади.

“Ҳодиса америкалик демократларнинг Байденга Исроилга ҳарбий ёрдам кўрсатиш шартларини белгилаш ҳақидаги янги чақириқларини уйғотди”, деб ёзади “Reuters”. 

Яқин Шарқдаги можаро авж олишда давом этар экан, АҚШ Президенти "демократларнинг чуқур ғазабига дучор бўлмоқда", бу эса ноябрь ойида бўлиб ўтадиган АҚШ президентлик сайловларида уни қўллаб-қувватлайдиганларни камайтириши мумкин. 

Гуманитар карвонга ҳаво ҳужуми билан боғлиқ воқеа Ғазо секторида қарийб олти ойдан бери давом этаётган жанговар ҳаракатлар туфайли Исроил сўнгги пайтларда дуч келган танқидларни давом эттиришга сабаб бўлди.

Март ойи охирида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши Исроил ҳарбий амалиёти бошланганидан бери биринчи марта Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилди. Ҳужжат учун 14 давлат овоз берди, АҚШ бетараф қолди.

Бундан ташқари, март ойи охирида Жанубий Африканинг Исроилга қарши геноцид айблови бўйича даъвосини кўриб чиқаётган Халқаро суд Тель-Авивга Ғазо секторидаги тинч аҳоли ҳуқуқларини бузмаслик ва гуманитар ёрдам етказилишига аралашмаслик ҳақида буйруқ берган эди. БМТ суди аввалроқ Исроилдан секторнинг тинч аҳолисини ҳимоя қилишни талаб қилганини, бироқ у ерда яшаш шароити ёмонлашишда давом этганини қайд этди.

Исроилнинг ўзида ҳам ҲАМАС томонидан гаровга олинган исроилликларни озод қилиш чораларини кўриш талаби билан намойишлар бўлиб ўтмоқда. Намойишчилар ҳукумат истеъфосини ва мамлакатда муддатидан олдин сайлов ўтказишни ҳам талаб қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Исроил Жо Байден Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг