Байден АҚШнинг Афғонистондаги катта хатосини айтди
Олам
−
12 Сентябрь 2021
15790Афғонистонга ҳарбий қўшин киритишидан асосий мақсади “Ал-Қоида” террорчилик ташкилоти етакчиси Усама бин Лодинни йўқ қилиш бўлган АҚШ вазифа бажарилганидан кейин афғон диёрини ягона ҳокимият остида бирлаштиришга уриниши Вашингтоннинг хатоси бўлган. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден 2001 йил 11 сентябрдаги терактлар қурбонлари ёдгорлигини зиёрат қилиш учун Пенсильваниянинг Шанксвилл шаҳрига келганида айтиб ўтди.
“Агар сиз кимгадир [АҚШ Афғонистондаги операцияни бошлаганда] АҚШ бин Лодинни йўқ қилганидан кейин, “Ал-Қоида” парчалангандан кейин Афғонистонни бирлаштириш учун 20 йил давомида кунига 300 млн доллар сарфлайди, деб айтганингизда эди. “Ал-Қоида” қайтиши мумкинми? Ҳа. Аммо биласизми, у бошқа жойларга қайтиб бўлди. Хўш, унда стратегия нимадан иборат? Нима энди “Ал-Қоида” қаерда бўлса, ўша жойга бостириб кириб, у ерда қўшин қолидармизми? Қўйсангизчи”, деган Байден.
АҚШ етакчиси Афғонистондаги қўшинлар қай тарзда чиқарилганидан қатъи назар кўпчилик америкаликлар бу қарорни қўллаб-қувватлаганини таъкидлаган.
“70 фоиз америкалик, биз шунча пул сарфлаганимиздан кейин, Афғонистонни тарк этиш вақти келди, деб ҳисоблаётганди. Бунинг тескари томони шундаки, уларга қўшинларни олиб чиқиш йўлимиз ёқмади. Бироқ, буни бошқача қандай амалга ошириш мумкинлигини тушунтириш қийин. Масалан, агар биз Тожикистонда бўлганимизда, C-130 ни (C-130 Super Herakl ҳарбий транспорт самолёти) олиб, бизга ёрдам берган барчани шу самолётга чиқишига рухсат берамиз, деганимизда ҳам шассига осилиб оладиганлар топиларди”, деган Байден.
Қайд этиш керакки, Жо Байден аввал ҳам АҚШ Афғонистонга демократик давлат қуриш мақсадида қўшин киритмаганини таъкидлаганди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ ҳарбийлари Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий миссияни жорий йилнинг 31 август куни тўлиқ якунлади. Бироқ Америкаликлар афғон диёрини тарк этишни якунламасидан мамлакатда ҳокимият алмашди. “Толибон” Ашраф Ғани ҳукуматини ағдарди. Президент Ғани истеъфога чиқиб, мамлакатни тарк этди.
Қайд этиш керакки, АҚШни ҳолдан тойдирган Афғонистондаги кампанияни Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби Президентлар якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинлари олиб чиқиб кетилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь