Байден АҚШни дефолтдан қутқариш учун қарз чегарасини кўтарди
Олам
−
15 Октябрь 2021
4198АҚШ Президенти Жо Байден ҳукумат қарзининг чегарасини 480 миллиард долларга ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади. Бу ҳақда Оқ уйга асосланиб хабар берилган.
“14 октябрь, пайшанба куни Президент давлат қарзи чегарасини 480 миллиардга оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини имзолади, бу федерал ҳукумат ўз мажбуриятларини декабрь ойининг бошигача тўлиқ бажаришда давом этиши учун етарли бўлади”, дейилган баёнотда.
Аввалроқ, агар 18 октябргача чегарани тасдиқлаш учун зарур чоралар кўрилмаса, мамлакат назарий жиҳатдан дефолтга дуч келиши ҳақида огоҳлантирилган эди.
Қўшма Штатларда, аксарият давлатлардан фарқли ўлароқ, қарз чегараси қонун билан белгиланади ва Конгресс рухсатисиз уни ошириб бўлмайди.
Маълумот ўрнида, АҚШнинг қарзи 2021 йил март ойининг охирида – 28 трлн долларни, яъни ялпи ички маҳсулотнинг 101 фоизини ташкил қилди ва ўсишда давом этмоқда. Aйни дамда унинг миқдори – 28,5 трлн доллар. Бундай улкан қарз AҚШ тарихида фақат бир маротаба – Иккинчи жаҳон урушидан сўнг ҳосил бўлган эди. 1946 йилда AҚШ қарзи ЯИМнинг 106 фоизини ташкил қилган.