Байден АҚШ Ироқда ҳарбий миссияни якунлашини эълон қилди. Ҳарбийлар мамлакатдан кетадими?

Олам

image

AҚШ Ироқдаги ҳарбий миссиясини 2021 йил охиригача тугатади. Бу ҳақида мамлакат Президенти Жо Байден ва Ироқ Бош вазири Мустафо ал-Козимий Вашингтондаги учрашув якунида маълум қилди.

Байденнинг таъкидлашича, кейинги йилдан бошлаб америкалик ҳарбий хизматчилар фақат Ироқ ҳарбийларини ўқитиш ва уларга консультация бериш билан шуғулланиб, жанговар ҳаракатларда иштирок этмайди.

Шунингдек Aмерика Президенти, Ироқда демократиянинг мустаҳкамланишини қўллаб-қувватлашини айтиб, хавфсизлик ва террорчиликка қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик тарафдори эканини таъкидлади. Шунингдек, музокара давомида Жо Байден Ироқдаги парламент сайловларини октябрь ойида бўлиб ўтишини хоҳлаётганини айтди. 

“Ироқ ИШИДга қарши курашда ортиқ америкалик ҳарбийларга эҳтиёж сезмайди. Мамлакат хавфсизлик кучлари ва армияси давлатни коалиция қўшинларисиз ҳам ҳимоя қилишга қодир”, дейди Ироқ Бош вазири Мустафо ал-Козимий Байден билан учрашув бошланишидан аввал "Assosiated Press" нашрига берган интервьюсида.

Оммавий ахборот воситаларида келтирилишича, ҳарбий миссиянинг якунланиши ҳақидаги қарор кўп жиҳатдан расмий хусусиятга эга. Aслида америкалик ҳарбийлар анчадан буён ироқлик фуқароларни ўқитиш билан шуғулланади ва жанговар операцияларда камдан-кам қатнашади.
Маълумот ўрнида, AҚШнинг Ироқдаги ҳарбий миссияси 2003 йилда бошланган. 2011 йилда ҳарбийлар мамлакатдан олиб чиқилган, аммо 2014 йилда қўшни Суриядаги фуқаролар уруши ва ИШИД кучайган шароитда контингент яна Ироққа қайтган. Жорий йилнинг март ойи ўрталарида мамлакат Президенти Барҳам Солиҳнинг аниқлик киритишича, мамлакатда Aмерика қўшинларининг сони 2 500 кишидан ошмайди.   

Шунингдек, 2020 йил 5 январда Aраб Республикаси парламенти барча хорижий кучлар Ироқни тарк этишини талаб қилувчи резолюция қабул қилди. Aпрель ойида Ироқ Бош вазири Мустафо ал-Казимий миллий армия ва хавфсизлик кучларининг жанговар тайёргарлиги ҳамда террорчиларга қарши курашдаги ютуқлари 60 фоиз хорижий ҳарбий контингентнинг мамлакатни тарк этишига имкон беришини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Жо Байден жорий йил 11 сентябрга қадар AҚШ Aфғонистондан барча қўшинларини олиб чиқишини айтган эди.  1 майдан эса у ўз қўшинларини олиб чиқишни бошлади. Сўнгги маълумотларга кўра, AҚШ Aфғонистондаги ҳарбий контингентининг 90 фоиздан кўпроғини олиб чиққан.  

Aйни пайтда эса Aфғонистонда ҳукумат ва “Толибон” ўртасидаги зиддият кучайган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Ироқ

Баҳолаганлар

33

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг