“Барселона” йирик, ПСЖ ишончли ҳисобда ғалаба қозонди
Спорт
−
10 Апрель 4206 2 дақиқа
10 апрелга ўтар кечаси Европа Чемпионлар лигаси чорак финал илк ўйинлари давом эттирилди. Унда “Барселона” ўз уйида “Боруссия Дортмунд”ни 4:0 ҳисобида, ПСЖ “Парк де Пренс”да “Астон Вилла”ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди.
“Барселона” илк ўйиндаёқ масалани ҳал қилди

Ушбу ўйиннинг 25-дақиқасида мезбонлар вингери Рафинья Кубарсининг зарбасидан сўнг тўпга тегиб қўйди ва голни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Иккинчи таймнинг 48 ва 66-дақиқаларида Роберт Левандовски дублни расмийлаштириб, ҳисобни 3:0 кўринишига келтирди. 77-дақиқада Ламин Ямаль ўйиндаги сўнгги нуқтани қўйди, 4:0. Учрашув якунида бир эътиборга лойиқ ҳодиса рўй берди. Яъни “Барселона”нинг сўнган юлдузи Ансу Фати Ламин Ямалнинг ўрнига майдонга тушди ва уни мухлислар қарсаклар билан қарши олди. Шу тариқа, каталонияликлар илк ўйинда йирик ҳисобда ғалаба қозонди ва бир оёғи билан кейинги босқичга қадам ташлади.
ПСЖ кичик камбэк амалга ошириб, ғалабани илиб кетди

Парижда бўлиб ўтган ўйиннинг 35-дақиқасида бирмингемликлар вингери Морган Рожерс ҳисобни очди. ПСЖ голга эрта жавоб бера олди ва 39-дақиқада Дезире Дуе шедевр зарбаси билан ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи таймни парижликлар фаол бошлади ҳамда грузиялик вингер Хвича Кварацхелия 49-дақиқада гол уриб, ҳисобни 2:1 кўринишга келтириб қўйди. Учрашув якунида, яъни 90+2-дақиқада Нуно Мендеш ўйинга якуний нуқтани қўйди. Шу тариқа, Луис Энрике қўл остидаги ПСЖ илк ўйинда ғалаба қозониб, имкониятларини яхшилаб олди.
Қайд этиш жоиз, Эмери шогирдлари 2:1 ҳисобини максимум ушлаб туришга интилди, аммо ундай бўлмади. Лекин Бирмингемдаги баҳсда ҳам “Астон Вилла” ПСЖга кураш таклиф қила олади.
Маълумот ўрнида, иккала учрашувнинг жавоб ўйинлари 16 апрелга ўтар кечаси бўлиб ўтади. Ўйинлар Тошкент вақти билан 00:00 да старт олади
Live
Барчаси