“Барселона” Родрини “Реал”дан олиб қўймоқчи
Спорт
−
18:55 520 2 дақиқа
“Барселона” “Манчестер Сити” ярим ҳимоячиси Родрининг вакиллари ҳамда инглиз клуби билан эҳтимолий трансфер юзасидан алоқа ўрнатди. Бу ҳақда журналист ва инсайдер Фабрицио Романо маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, “Реал Мадрид” ҳам бир неча ҳафтадан буён “Манчестер Сити” билан музокаралар олиб бормоқда. Бироқ инглиз клуби дарҳол келишувга эришишга тайёр эмас эди, чунки у бошқа клублар ҳам футболчи учун курашга қўшилиши мумкин деб ҳисоблаган.
Айни пайтда ҳаммаси Родрининг қарорига боғлиқ. Якуний қарорни футболчининг ўзи қабул қилади. Қайд этилишича, ҳам “Реал Мадрид”, ҳам “Барселона” “Манчестер Сити”га деярли бир хил миқдордаги трансфер таклифини беришга тайёр.
“Сўнгги ҳафталарда Родри учун устувор вариант “Реал Мадрид” бўлиб қолмоқда ва мадридликлар билан музокаралар давом этмоқда. Бироқ келишув ҳали якунланмаган. Шу билан бирга, “Барселона” ҳам испаниялик ярим ҳимоячи учун курашга фаол қўшилди”, деб ёзди Фабрицио Романо ўзининг X саҳифасида.
Маълумот учун, 30 ёшли Родри ўтган мавсум “Манчестер Сити” сафида барча мусобақаларда 33 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол урди.
У, шунингдек, 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Испания терма жамоаси сафида 8 та ўйинда қатнашиб, жамоаси билан чемпионликни қўлга киритди ҳамда мусобақанинг энг яхши футболчиси деб топилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мадрид клуби Родри учун 50-60 миллион евро атрофида таклиф билан чиқишни режалаштирганни ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси