“Барча санкцияларни олиб ташланг”. Сурия раҳбари БМТ минбарида тарихий нутқ сўзлади (видео)
Олам
−
25 Сентябрь 2025 7863 3 дақиқа
Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара ўз мамлакатининг ўтган авлод зулмидан воз кечаётганини эълон қилиб, Сурияга нисбатан қўлланган санкцияларни тўлиқ бекор қилишни талаб қилди. Бу ҳақда аш-Шара кеча, 24 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясидаги тарихий нутқида айтиб ўтди.
Мамлакат раҳбари ўз сўзида халқаро ҳамжамиятни минтақада янги можаролар келиб чиқишини олдини олишга чақирган.
“Мен сизнинг олдингизга тарихий пойтахт – Дамашқдан келдим, бу маданиятлар ватанидир, дунёга цивилизация мазмунини ўргатган ер”, деган Сурия раҳбари.
У сўзларида Сурия 60 йил мобайнида босим остида қолгани, аҳолининг йиллар давомида азоб-уқубат ва етишмовчиликларга дуч келгани, ўз ҳуқуқини талаб қилиб кўтарилган пайтда эса ўлим билан юзлашганини қайд этган.
Минтақавий тарангликка эътибор қаратган муваққат президент аш-Шара 8 декабрдан бери Исроил томонидан Сурияга нисбатан таҳдидлар давом этаётганини таъкидлаб, Исроилни ўтиш давридан фойдаланиб, минтақани янги можароларга тортишга уринишда айблаган. У бундай хатарлар оқибатини ҳеч ким олдиндан айтиб бера олмаслигини билдирган.
Аш-Шара Сурия муаммосини ҳал қилиш йўлида мулоқот ва дипломатияга содиқлигини таъкидлаб, бошқаларни ҳам 1974 йилдаги битимни ҳурмат қилишга чақирган ва халқаро ҳамжамият Сурияни қўллаб-қувватлаши кераклигини таъкидлаган.
У раҳбарият ваколат бўшлиғини тўлдириб, миллий диалогни бошлаганини, технократлардан иборат ҳукумат тузганини, ўтиш даври адолати ва йўқолганлар масалалари бўйича комиссиялар шакллантирилганини, ҳамда фуқаролик ва ҳарбий институтларни барча қуроллар давлат назоратида бўлиш тамойилига мувофиқ қайта ташкил этганини айтган.
Аш-Шара, шунингдек, Суриянинг “фаол дипломатия” орқали халқаро алоқаларни тиклаганини ва бу оқим натижасида санкциялар босқичма-босқич юмшатилаётганини қайд этган.
“Биз санкцияларни тўлиқ бекор қилишни талаб қиламиз, ҳолбуки улар халқимизни чеклаш ёки эркинлигини яна бир бор йўқотиш учун восита сифатида ишлатилмасин”, дея ўз сўзини якунлаган Сурия раҳбари.
Қайд этиш жоиз, Суриянинг собиқ президенти Башар Асад 2024 йилнинг декабрида қарийб 25 йиллик бошқарувдан сўнг ҳокимиятдан ағдарилганди. Шундан сўнг, у Россияга қочиб кетди ва 1963 йилдан бери ҳукмронлик қилиб келган Баас партияси режими тугади.
Жорий йилнинг январида шаклланган аш-Шара бошчилигидаги муваққат ҳукуматнинг асосий диққат маркази сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, ижтимоий бирдамлик ва халқаро алоқаларни кенгайтиришга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 сентябрь куни Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан музокаралар ўтказганди.