“Банк масъули тўғри қилган”. Фуқародан тириклигини исботловчи “справка” сўралганига изоҳ берилди

Жамият

image

Аввалроқ, Қашқадарёда банк раҳбари фуқародан тириклигини исботловчи маълумотнома сўрагани ҳақида хабар бергандик. Ушбу ҳолат юзасидан "Agrobank" АТБ Матбуот хизмати изоҳ берди. 

Қайд этилишича, ҳолат ўрганилганда фуқаро А.Ж. кредит олиш мақсадида банкнинг Қарши шаҳар филиалига 2021 йилда мурожаат қилгани маълум бўлган. 

Ушбу мурожаатга асосан банкнинг кредит маълумотлар базаси орқали фуқарога доир маълумотлар текширилганда унинг вафот этганлиги қайд этилганлиги аниқланган.

Бунга ушбу фуқаронинг узоқ йиллар давомида ўзи ҳақида бирор-бир хабар бермасдан Россия Федерациясига кетиб қолганлиги, турмуш ўртоғи эса ўрталаридаги мол-мулкни сотиш мақсадида А.Ж.ни вафот этганлиги ҳақида нотўғри маълумот тарқатгани ва давлат нотариал идораси томонидан ушбу маълумот тасдиқланганлиги сабаб бўлган.

“Шунинг учун банк масъули фуқаронинг тириклигини (ФҲДЁ идораларидан унинг номига ўлганлиги ҳақида гувоҳнома берилмаганлиги ва яшаш манзили МФЙ ва ИИБ паспорт бўлинмасидан ушбу фуқаро айнан А.Ж. эканлигини) тасдиқловчи маълумотларни сўраган ва ҳуқуқий жиҳатдан банк масъулининг ҳаракатлари тўғри бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси талабларига кўра, фуқаро А.Ж. юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш тартиби асосида ўзининг тириклиги фактини белгилаш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши лозим ва суд томонидан ушбу ариза қаноатлантирилгач унинг барча мулкий ҳуқуқлари қайта тикланади ҳамда унинг кредит олиш масаласи ижобий ҳал қилинади.

Бу ҳақида фуқаро А.Ж.га бир неча маротаба оғзаки тушунтириш берилган”, дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1122

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг