Банк ходимасининг фирибгарлиги ҳақида материал тайёрлаган мухбирга маъмурий иш қўзғатилди

3-саҳифа

image

Жиззах вилоятидаги банк ходимасининг фирибгарлиги юзасидан материал тайёрлаган MY5 канали мухбири Рухсора Ғафуровага нисбатан маъмурий иш қўзғатилди. Бу ҳақда инсон ҳуқуқлари фаоли, “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.

Ғафурова томонидан тайёрланган материалда Жиззахдаги банк ходимасининг фирибгарлиги, ходиманинг фуқаролар номига кредит расмийлаштириб, ўзлаштиргани ҳақида сўз боради.

“Видеолавҳада тилга олинган қонунбузарликка оид ҳужжатларни ўргандим ва қонунга мувофиқ, кўрсатув эфирга узатилгач, ходимага нисбатан дарҳол жиноят иши қўзғатилиши лозим эди. Чунки Жиноят процессуал кодекси талабларига кўра, ОАВнинг жиноят ҳақида берган хабари жиноят иши очилишига асос бўлади”, дейди Ташанов. 

Бироқ банк ходимасининг аризасига кўра, мухбирнинг ўзига нисбатан маъмурий иш қўзғатилган. 

“Эмишки, журналист банк ходимасининг шаъни ва қадр-қимматини камситибди ҳамда унинг жинояти ҳақида хабар бериб, қонунбузарлик содир этибди. Ҳужжатлардан кўринишича, банк ходимасининг ўзга шахслар номига олинган кредитининг бир қисмини унинг эри – Олий суд судьяси Шарофиддин Болиев ўз пластик картаси орқали тўлаб келган. Судья бу қонунбузарликдан хабардор бўлган ва қонунбузар аёлни ҳимоя қилган. Катта эҳтимол билан журналистга ҳужум ортида ҳам жанобнинг ўзлари турибди”, деб ёзади Ташанов. 

Судьялар олий кенгаши муносабат билдириб, ушбу ҳолат Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар одоб комиссиясида ўрганиб чиқилишини маълум қилди.

“MY5 телеканалининг  “Марказий студия” дастурида эфирга узатилган лавҳадан сўнг унинг муаллифига  нисбатан қўзғатилгани айтилаётган маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишга судьялар ҳамжамияти вакилининг эҳтимолий алоқадорлигига оид ижтимоий тармоқдаги хабарлар Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар одоб комиссиясида ўрганиб чиқилади”, дейилади хабарда. 

Судьялар олий кенгаши иш натижаси юзасидан қўшимча ахборот берилишини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

MY5 Рухсора Ғофурова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг