Бангладеш пасспортига “Исроилдан ташқари” жумласи қайта киритилди

Олам

image

Бангладеш ўз фуқароларининг паспортларига “Исроилдан ташқари” деган жумлани қайта киритишни бошлади. Бу ҳақда Бангладешнинг BSS давлат ахборот агентлиги хабар берди.

Мамлакат расмийлари 12 апрель куни 100 мингга яқин аҳоли пойтахт Даккада мустақил Фаластин давлатини қўллаб-қувватлаб намойишларга чиққани ортидан шундай қарорга келган. Дакка университети атрофида Ғазо билан бирдамлик учун тўпланган инсонларнинг кўплиги сиёсий элитага фуқароларнинг бу борадаги позицияси жиддий эканини исботланган.

Намойишчилар Исроилни қўллаб-қувватлагани учун АҚШ Президенти Дональд Трамп, яҳудий давлати Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг суратларини кўтариб, уларга зарар етказган. Норозилик ҳаракатлари чоғида Ғазодаги тинч аҳоли қурбонларини ифодаловчи рамзий тобутлар ва тасвирлар ҳам олиб чиқилган. Бангладешнинг собиқ бош вазири Холида Зиё бошчилигидаги Бангладеш миллий партияси ва бошқа исломий гуруҳлар ва партиялар намойишчилар билан бирдамлик эълон қилган.

Бангладеш паспортларида ўтмишда ҳам ўнлаб йиллар давомида “Исроилдан ташқари барча мамлакатлар учун амал қилади” ибораси чоп этиб келинган. Аммо бу ёзув 2021 йилда ҳокимиятдан ағдарилган бош вазир Шайх Ҳасина томонидан олиб ташланган. Ҳасина ҳукумати бу қарорни мамлакат паспортларини дунё стандартларига мослаш ҳаракати сифатида изоҳлаган. Бироқ бу ўзгаришга қарамай, ўшанда ҳам Бангладеш Исроилга нисбатан ўз позициясини ўзгартирмаган ва уни тан олмасликда давом этган.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Бангладеш Исроилни тан олмайдиган БМТ га аъзо 29 давлатдан бири ҳисобланади. Бу давлат ўз фуқароларига Исроилга боришни тақиқлаши ва Исроил паспортига эга кишиларни мамлакатга қабул қилмаслиги билан танилган. Унинг бундай ёндашуви аҳолининг аксарият қисми мусулмон экани билан изоҳланади. Бугунги кунда Бангладеш 172 миллиондан ортиқ аҳолига эга. Уларнинг 91 фоиздан кўпроғи, аниқроғи 150 миллиони мусулмонлардир.


Мақола муаллифи

Теглар

Бангладеш Исроил пасспорт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг