Бангкок “офат ҳудуди” деб эълон қилинди
Олам
−
17:05 1689 2 дақиқа
Таиланд пойтахти Бангкокда кучли ёмғир сабаб кўчаларни белгача етадиган сув босди. Шаҳар расмийлари Бангкокни “офат ҳудуди” деб эълон қилди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Қайд этилишича, кучли ёмғир жорий йилнинг 24 сентябрь куни бошланган. Таиланд марказий қисмида шаклланган паст босимли ҳудуд Бангкок ва унинг атрофида икки кун давомида тинмай ёмғир ёғишига сабаб бўлган.
Пойтахтнинг шимоли-шарқида жойлашган Прачин Бури яқинидаги метеорологик станцияда жорий йилнинг 25 сентябридан 26 сентябрь оқшомигача бўлган 24 соат ичида 213,5 миллиметр ёмғир қайд этилган. Таққослаш учун, Лондонда бир йил давомида ўртача 585 миллиметр ёғин ёғади.
Кеча, 27 сентябрь куни паст босимли ҳудуд шимоли-ғарбга силжиганидан сўнг Бангкокдаги кучли ёмғирлар тўхтаган. Айни пайтда Тинч океанининг марказий қисмида жойлашган Гавайининг Катта ороли “Ноло” довули хавфи остида қолган.
27 сентябрь куни тонгга яқин “Ноло” 2-тоифали довулга айланган. Унинг доимий шамол тезлиги соатига 158-167 километрни ташкил этган. Довул Гавайи оролларига энг яқин келган пайтда Катта оролдан тахминан 233 километр жанубда бўлган.
Кучли шамолдан ташқари, кўп миқдордаги ёғингарчилик сабаб сув тошқини ва ер кўчкилари хавфи юзага келган. Довул таъсири бошланганидан бери оролнинг шимоли-шарқидаги метеорологик станцияларда 530 миллиметрдан ортиқ ёмғир қайд этилган.
“Ноло” ҳозир Гавайидан узоқлашиб, ғарбга қараб ҳаракатланмоқда. Прогнозларга кўра, у бугун, 28 сентябрь куни энг юқори кучига етиб, 4-тоифали довулга айланиши мумкин.
Тинч океанининг шарқий қисмида эса “Поло” довули бугун, 28 сентябрь куни Қуйи Калифорния ярим оролига етиб бориши кутилмоқда.
Шунингдек, “Поло” ярим орол бўйлаб ҳаракатланиши давомида кучли ёмғир ёғдириши кутилмоқда. Айрим ҳудудларда ёғингарчилик миқдори 100–200 миллиметр, маҳаллий жойларда эса 250 миллиметргача етиши мумкин. Ёғиннинг катта қисми 12 соат ичида ёғиши кутилayotgani сабабли сув тошқини ва ер кўчкилари хавфи мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистон ва Непалда кучли ёмғир сабабли юзага келган сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида камида 70 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳиндистонда 56 киши вафот этган бўлса, Непалда 14 киши ҳалок бўлган, яна 11 киши бедарак йўқолган.
Live
Барчаси