Бангкок-Москва йўналишидаги самолёт Самарқандга шошилинч қўнди
Жамият
−
13 Январь 2023
8986Бангкокдан Москвага учаётган самолёт бортдаги жанжал ва ҳомиладор аёлнинг саломатлиги ёмонлашгани туфайли Самарқандга шошилинч қўнди. Бу ҳақда “RBK” нашри хабар берди.
Бортда умумий 364 нафар йўловчи бўлгани айтилмоқда.
Қайд этилишича, Самолёт қўниши биланоқ йўловчи аёл шифокорлар қўлига топширилган. Ўзбекистон авиакомпанияси Матбуот хизматининг хабар беришича, ҳомиладор аёлда бевақт тўлғоқ бошланиши самолётнинг қўнишига сабаб бўлган.
Бундан ташқари, парвоз пайтида икки йўловчи ўртасида жанжал ҳам юзага келган. Telegram’даги маҳаллий каналнинг ёзишича, йўловчилардан бири стюардессадан “алоҳида хизмат кўрсатиш”ни талаб қилган, рад этилганидан кейин уни итариб юборган. Жанжал кўтарган эркакни боғлаб қўйишган, аммо шов-шув туфайли ҳомиладор аёлнинг тоби қочган.
Тортишувга сабаб бўлганлар Самарқанд аэропортида ҳуқуқ-тартибот органларига топширилган.
Самолёт вакилининг сўзларига кўра, парвозни давом эттиришга тайёрлаш пайтида техник сабаблар пайдо бўлган. Бунинг оқибатида авиакомпания самолёт парвозини давом эттиришни кечиктиришга қарор қилган. Бортдаги одамларни Москвага олиб келиш учун иккита кичик захира самолёти фойдаланилган. Йўловчиларнинг бир қисми энг яқин муддатдаги Самарқанд-Москва рейсига ўтказилган. Уларга вилоят меҳмонхонасида турар жой, шунингдек, озиқ-овқат ва ичимликлар берилган.
Озода Чориева
LiveБарчаси