Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан субсидия олувчи шахслар тоифалари кенгайтирилди

Жамият

image

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг “Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги буйруғи қабул қилинди. Бу ҳақда "Норма" хабар берди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:

2-банддан 5 ва 6-хатбошилар чиқариб ташланиб, у қуйидаги мазмундаги 21 ва 22-бандлар билан тўлдирилмоқда:

21. Президентнинг ПҚ-4716-сон қарорига мувофиқ субсидиялар қуйидаги мақсадлар учун ажратилади:

а) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази (АБКМ), етказиб берувчи ташкилотлар ва томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида:

•    енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун – БҲМнинг 30 бараваригача;

•    суғориш воситалари харид қилиш учун – БҲМнинг 10 бараваригача;

•    уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш учун – БҲМнинг 3 бараваригача;

б) қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиши учун – БҲМнинг 10 бараваригача. Бунда:

•    қишлоқ хўжалиги кооперативлари балиқчилик, қуёнчилик, паррандачилик, асаларичилик, мева-сабзавотчилик, узумчилик, тикувчилик, ҳунармандчилик ва бошқа илғор соҳаларда ташкил этилади;

•    қишлоқ хўжалиги кооперативларига ишсиз фуқаролар, кам таъминланган оилалар аъзолари, ташқи меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар ҳамда кооператив фаолияти йўналиши бўйича тажрибага эга етакчи тадбиркорлар бирлаштирилади.

22. Президентнинг ПҚ-4759-сон қарорига мувофиқ «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси таркибидаги қўлда гилам ва ипак мато тўқиш билан шуғулланувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 3 тадан кам бўлмаган иш ўрни яратиш шарти билан гилам ва ипак мато тўқиш дастгоҳини харид қилишга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун – ҳар бир дастгоҳ учун БҲМнинг 10 баравари миқдорида субсидиялар ажратилади.

36 ва 37-бандлардаги “банд бўлмаган” деган сўзлар “ишсиз, кам таъминланган ва камбағал оилалар аъзоси бўлган” деган сўзлар билан алмаштирилади.

38-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:

Ўрганиш натижасига кўра мурожаат қилган шахс банд бўлмаган ҳолларда унга унинг томорқа ерига мос келадиган енгил конструкцияли иссиқхона ўрнатиш ва (ёки) уруғликлар, кўчатлар ёхуд суғориш воситалари харид қилиниши бўйича АБКМнинг масъул ходими етказиб берувчи ташкилот, АБКМ ва томорқа ер эгаси ўртасида уч томонлама шартнома тузиш чораларини кўради. Бунда томорқа ер эгасининг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда битта оила учун қуйидаги йўналишлардан бири учун уч томонлама шартнома тузади:

•    енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш;

•    суғориш воситалари харид қилиш;

•    уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш.

Буйруқ билан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилди.


Мақола муаллифи

Теглар

иссиқхона субсидия

Баҳолаганлар

77

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг