Тошкентда иссиқхоналар учун махсус тартиб жорий этилиши мумкин
Local
−
19:20 631 2 minutes
Тошкент шаҳри ва унга туташ 5 та туманда иссиқхоналар учун махсус экологик тартиб жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 13 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган иссиқхоналар фаолиятига “яшил” технологияларни жорий қилиш ва уларнинг экологик хавфсиз фаолият юритишини таъминлаш юзасидан тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, аввало, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхоналар ҳолати таҳлил қилинган. Ўтган йили махсус комиссия томонидан иссиқхоналар хатловдан ўтказилиб, муайян қисмига экологик тоза энергия манбаларига ўтишига кўмаклашилган. Шу билан бирга, айрим хўжаликларда ҳали ҳам кўмирдан фойдаланилмоқда.
Куз-қиш ойларида шамол сустлашиши ва ҳарорат инверсияси туфайли иссиқхоналардан чиқадиган ташламалар пойтахт ва унинг атрофида тўпланиши мумкин. Шу боис, Тошкент шаҳри ва унга туташ бешта туманда иссиқхоналар учун “яшил” технологияларга асосланган махсус экологик тартиб жорий этиш таклиф қилинмоқда. Иситишда табиий газ, электр, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, иссиқлик электр станцияларининг иккиламчи иссиқлигидан фойдаланишга рухсат берилади. Шина, пластмасса, битум, мазут, ишлатилган мой ва чиқиндиларни ёқишга йўл қўйилмайди.
Қаттиқ ёқилғида ишлаётган иссиқхоналарга жорий йил 1 декабрга қадар ушбу манбаларга ўтиш таклиф қилинади. Ёқилғини ёпиқ жойда сақлаш, автоматлаштирилган қозонлар ва самарали чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилган бўлиши, кул ва шлакни хавфсиз йиғиш учун шароит, захира генератори мавжудлиги, тутун мўриси минимал баландлик меъёрига мувофиқлиги каби қатъий техник талабларга мос бўлган иссиқхоналаргагина қаттиқ ёқилғидан фойдаланишга рухсат берилиши мумкин.
Жорий йил 15 октябрдан келгуси йил 15 мартга қадар иссиқхоналарда доимий экологик мониторинг олиб борилади. Унда чанг-газ тозалаш ускуналарининг ишлаши, ҳавога чиқарилаётган ташламалар миқдори ва ёқилғи турларига қўйилган талабларга риоя этилиши назорат қилинади. Ўлчов ускуналари ва видеокузатув воситаларидан олинадиган маълумотлар Экология қўмитасининг ахборот тизимига реал вақт режимида узатилади. Мониторингда дронлардан фойдаланилади, жамоатчилик назорати вакиллари ҳам иштирок этади.
Чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилмагани, ташламалар меъёрдан ошгани ёки тақиқланган ёқилғи ишлатилгани аниқланса, белгиланган тартибда таъсир чоралари қўлланилади. Зарур ҳолларда иссиқхона фаолияти тўхтатилади.
Иссиқхона хўжаликларининг янги талабларга мослашиши учун молиявий кўмак чоралари ишлаб чиқилган. Экологик ва энергия тежамкор ускуналарни ўрнатишга ҳар гектар учун 50 миллион сўмгача субсидия, етти йил муддатга 3 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратиш таклиф этилди. Мониторинг ускуналарини харид қилиш ва ўрнатиш харажатларини енгиллаштириш ҳам назарда тутилган.
Live
All