Баку ва Ереван жасадларни алмашишни бошлади
Олам
−
14 Ноябрь 2020
7151Жорий йилнинг 27 сентябридан 9 ноябрига қадар Тоғли Қорабоғда давом этган қуролли тўқнашувларда 2300 дан ортиқ ҳарбий хизматчилар қурбон бўлган. Бу ҳақда бугун, 14 ноябрь куни Арманистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
"Бугунги кунга қадар суд-тиббий экспертиза хизматига вафот этган 2317 нафар ҳарбий хизматчининг, шу жумладан номаълум шахсларнинг жасадлари келтирилган ва текширувдан ўтказилган. Душман томонидан қолдирилган аскарларнинг жасадларини алмаштириш жараёни энди бошланди, зиддиятда бўлган томонлар ҳозирча охирги рақамни била олмайдилар, шу билан бирга бу ҳаракатлар давом этмоқда”, дейилади ССВ баёнотида
Расмий Бакуга кўра, Озарбайжон ва Арманистон Россиянинг тинчликпарвар кучлари воситачилиги билан Шуша шаҳри яқинидаги жангларда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг жасадларини алмашган. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги хабар бермоқда.
“Озарбайжон Республикасининг Тоғли Қорабоғ минтақасида жойлашган Россия тинчликпарвар кучларининг воситачилиги ва иштироки билан Шуша шаҳри атрофидаги жанг майдонида ҳалок бўлган бир нечта ҳарбий хизматчиларнинг жасадлари тўпланди. Шунингдек, ушбу тадбир доирасида Озарбайжон армиясининг жанг пайтида у ерда ҳалок бўлган олти нафар ҳарбий хизматчисининг жасадлари қабул қилинди”, дейилади хабарда.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги россиялик ҳамкасбларига ва Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгуга ушбу гуманитар аксияни ташкиллаштиргани учун миннатдорлик билдирган.
27 сентябрда Тоғли Қорабоғда вазият ёмонлашди, баҳсли ҳудудда фаол жанглар бошланди. Баку ва Ереван 1988 йил февралидан бошлаб Озарбайжон ССР таркибидан чиққанлигини эълон қилганидан бери минтақага эгалик қилиш масаласида баҳслашмоқда. 1992-1994 йиллардаги қуролли тўқнашув пайтида Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ва унга қўшни етти вилоят устидан назоратни йўқотганди.
9 ноябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларнинг тўлиқ тўхтатилиши тўғрисида қўшма баёнот имзоладилар. Ҳужжат, хусусан, Россиядан тинчликпарвар кучларни минтақага жойлаштиришни назарда тутади.
Эслатиб ўтамиз, Тоғли Қорабоғда қарийб бир ярим ой давом этган қуролли тўқнашувларда 4 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, 8 мингдан зиёд киши жароҳатланди.
LiveБарчаси