Баку ва Ереван бугун тинчлик битимини имзолайди – Трамп

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг Оқ уйга келишини интиқлик билан кутаётганини айтди. Бу ҳақда у бугун, 8 августга ўтар кечаси (АҚШ вақти билан 7 август) ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.  

“Мен эртага Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг Оқ уйга тарихий тинчлик саммитида иштирок этиш учун ташрифини интиқлик билан кутяпман. Бу икки мамлакат кўп йиллардан бери уруш ҳолатида бўлиб, минглаб инсонларнинг ўлимига сабаб бўлди. Кўплаб етакчилар бу урушни тугатишга ҳаракат қилишди, лекин натижа бўлмади, токи “Трамп” пайдо бўлгунча”, деб ёзди у.

АҚШ раҳбари ўзининг маъмурияти узоқ вақт давомида икки томон билан музокаралар олиб борганини айтиб, бугун, 8 август куни бўлиб ўтадиган тинчлик битими имзолаш маросимини эълон қилди.

“АҚШ, шунингдек, жанубий Кавказнинг имкониятларини тўлиқ очишимиз учун ҳар иккала давлат билан иқтисодий имкониятларни биргаликда ривожлантиришга оид икки томонлама келишувларни ҳам имзолайди... Бу Арманистон, Озарбайжон, АҚШ ва бутун дунё учун тарихий кун бўлади. Кўришгунча!” дейди Трамп.

Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги жорий йилнинг 13 март куни Озарбайжон билан тузилган тинчлик шартномаси матни ҳар икки томон томонидан келишилгани ва Ереван ҳужжат имзоланадиган жой ва муддатлар бўйича таклифларни муҳокама қилишга тайёрлигини маълум қилди. 

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айхон Ҳожизоданинг айтишича, келишув чегарадаги ўқ узилишини тўхтатиш ва Бакуга нисбатан ҳудудий даъволарни истисно қилувчи Арманистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш каби қатор шартлар бажарилса, тузилади. Бундан ташқари, Озарбайжон ЕХҲТ Минск гуруҳини расман бекор қилишни талаб қилмоқда, бу мамлакат уни эскирган тузилма деб билади. Ереван Бакунинг айбловларини рад этади. 

Шу билан бирга, Пашинян унинг ҳукумати “минтақавий хусусиятга эга” бўлиши керак бўлган янги конституцияни қабул қилиш ташаббуси билан чиқиш ниятида эканини маълум қилди. У, шунингдек, Баку билан тинчлик ўрнатиш билан бир вақтда Россия, АҚШ ва Франция ҳамраиси бўлган Минск гуруҳини тарқатиб юбориш масаласини муҳокама қилишга тайёрлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Трамп Президентлигининг иккинчи муддати бошлангандан бери Ҳиндистон ва Покистон, Исроил ва Эрон, Камбоджа ва Таиланд, Конго Демократик Республикаси ва Руанда орасидаги можароларни ҳал қилганини айтиб келади. Покистон, Исроил ва Камбоджа Трампнинг номзодини тинчлик бўйича Нобель мукофотига кўрсатган.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Озарбайжон Арманистон тинчлик битими

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг