Баку Арманистон айбловларига жавоб берди
Олам
−
10 Март 2023
4015Аввал хабар берганимиздек, Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Озорбайжон Қорабоғ арманларини “этник тозалаш” ва “геноцид”га дучор қилишга тайёрланяпти, деган мазмундаги баёнот билан чиққан эди. Расмий Баку эса бу даъволарини бемаънилик деб атади. Бу ҳақда Озарбайжон ТИВ баёнотида айтилди.
“Арманистоннинг Озарбайжон гўёки Қорабоғ минтақасидаги арман аҳолисига нисбатан “этник тозалаш” ва “геноцид”ни амалга оширишга тайёрланаётгани ҳақидаги даъволари бемаъниликдир”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, вазирлик Арманистоннинг (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғда армияси йўқлиги ҳақидаги баёнотга ишора қилиб, бу давлатнинг сиёсий раҳбарияти анча олдин Арманистон кучлари Озарбайжон ҳудудларидан олиб чиқилмаганини тан олганини таъкидлаган. Бу кучлар 2022 йил сентябрда олиб чиқилиши эълон қилинган бўлсада, бу ҳали ҳам содир бўлмаган.
Бундан ташқари, расмий Баку Озарбайжон, Арманистон ва Россия раҳбарларининг 2020 йил 9 ноябрдаги баёнотининг тўртинчи бандига кўра, барча арман қуролли кучларини Озарбайжон ҳудудларидан олиб чиқиб кетиш кўзда тутилганини эслатиб, бу масалада қабул қилиб бўлмайдиган манипуляциялар амалга оширилаётганини маълум қилган.
“Арманистоннинг Озарбайжонга қарши агрессив сиёсати ва ноқонуний ҳаракатларининг олдини олиш учун Лочин йўлининг бошида чегара постини ташкил этиш зарур”, дейилган шарҳда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот чиқариб, Озарбайжоннинг янги тажовузни бошлашига йўл қўймаслик ва Тоғли Қорабоғга Арманистон қуролли кучлари жойлаштирилгани ҳақидаги Озарбайжон маълумотларини текшириш учун халқаро фактларни ўрганиш миссиясини юборишга чақирганди.
Қорабоғ уруши
2020 йил 14 июль куни Озарбайжон-Арманистон чегарасида рўй берган тўқнашувда Озарбайжон армиясининг бир генерал-майори бошлиқ 7 нафар аскарнинг шаҳид бўлиши Қорабоғнинг озод қилинишига олиб келган операциянинг бошланиши бўлди. 27 сентябрь куни Арманистон қўшинлари Тоғли Қорабоғ яқинидаги тинч аҳоли пунктларига ўт очди, Озарбайжон ўз ерларини ишғолдан озод қилиш учун “Қасос” қарши ҳужумини бошлади, натижада босиб олинган ерлар бирин-кетин озод қилинди.
2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2,9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
LiveБарчаси