Арманистондан Озарбайжонга беўхшов айблов: Баку геноцид қилмоқчи

Олам

image

Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Тоғли Қорабоғ (тан олинмаган республика)га Арманистон қуролли кучлари жойлаштирилгани ҳақидаги Озарбайжон маълумотларини текшириш учун халқаро фактларни ўрганиш миссиясини юборишга чақирди. Бу ҳақда Арманистон ТИВ баёнотига таяниб, ТАСС хабар берди.

“Арманистон Лочин йўлаги бўйлаб блокадага қадар ҳам, 2022 йил 12 декабрдан кейин ҳам ўқ-дорилар ва ҳарбий юклар олиб ўтилмаганини бир неча бор таъкидлаган. Қолаверса, биз Арманистон Республикасининг Тоғли Қорабоғда армияси йўқлигини тасдиқлаймиз”, дейилади баёнотда.

Ҳужжатга кўра, ушбу маълумотларнинг тўғрилигини текшириш учун Тоғли Қорабоғга халқаро фактларни ўрганиш миссиясини юбориш таклифи Озарбайжон олий раҳбариятининг ўзи томонидан бир неча бор рад этилган.

“Арманистоннинг минтақада тинчликка эришиш истагини тасдиқлаб, Озарбайжоннинг янги тажовузни бошлашига йўл қўймаслик учун Тоғли Қорабоғ ва Лочин йўлагига зудлик билан халқаро фактларни ўрганиш миссиясини юбориш зарурлигини яна бир бор таъкидлаймиз. Озарбайжон халқни бўйсундириш учун Тоғли Қорабоғни этник тозалаш ва геноцидга дучор қилишга тайёрланаётганини қайд этамиз”, дейилади Арманистон ТИВ ҳужжатида.

Таъкидланишича, Озарбайжон халқаро ҳамжамиятни чалғитиш учун яна бир қадам ташлаган. 

“7 март куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги халқаро ҳамжамиятни чалғитиш мақсадида навбатдаги хабарни тарқатди, гўё ўша куни Арманистон Қуролли кучларининг ҳарбий техника колоннаси Россия тинчликпарвар кучлари ҳамроҳлигида Степанакерт – Гайбалишен – Лисагор (Тоғли Қорабоғ) бўйлаб ўтиб кетган. Арманистон Қуролли кучлари шахсий таркиби худди шу йўл бўйлаб олиб ўтилган. Биз расман таъкидлаймизки, бу маълумотлар мутлақо ёлғон, ҳеч қандай далилий асосга эга эмас ва бўлиши ҳам мумкин эмас ҳамда ушбу маълумотлар ҳақиқатга мос келмайди”, дея қўшимча қилинади Арманистон ТИВ баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги жорий йилнинг 5 март куни эрталаб Озарбайжон армияси бўлинмалари ҳарбий юкларни ноқонуний етказиб бераётган арман автомобилини текшириш учун тўхтатмоқчи бўлганини маълум қилди. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, автомобиль йўловчилари Озарбайжон ҳарбийларига қарата ўт очган. Отишма оқибатида Озарбайжон Қуролли кучларининг икки нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди. Арманистон томони уч киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

Озарбайжон айни вақтда Арманистонни Қорабоғга қурол-яроғ, миналар ва ўқ-дорилар тўплаётганликда айбламоқда. 

Қорабоғ уруши 

2020 йил 14 июль куни Озарбайжон-Арманистон чегарасида рўй берган тўқнашувда Озарбайжон армиясининг бир генерал-майори бошлиқ 7 нафар аскарнинг шаҳид бўлиши Қорабоғнинг озод қилинишига олиб келган операциянинг бошланиши бўлди. 27 сентябрь куни Арманистон қўшинлари Тоғли Қорабоғ яқинидаги тинч аҳоли пунктларига ўт очди, Озарбайжон ўз ерларини ишғолдан озод қилиш учун “Қасос” қарши ҳужумини бошлади, натижада босиб олинган ерлар бирин-кетин озод қилинди. 

2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2,9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг