Бахтиёр Саидов хорижлик дипломатлар билан Ғазодаги вазиятни муҳокама қилди
Жамият
−
27 Октябрь 2023
6104Бугун, 27 октябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов вазирлик биносида Бирлашган Араб Амирликлари, Жазоир, Иордания, Қувайт, Миср, Қатар, Фаластин, Саудия Арабистони ва Исроилнинг мамлакатдаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларини қабул қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазири ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
“Учрашувда бошқа масалалар қаторида Ғазо секторидаги мавжуд вазият юзасидан ҳам фикр алмашдик. Биз яна бир бор барча томонларни тинч аҳоли орасида минглаб инсонлар, жумладан, болалар қурбон бўлаётган қуролли можарони тўхтатишга, ечим топиш учун фақат дипломатик воситалар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан фойдаланишга чақирамиз”, дейди Бахтиёр Саидов.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.
LiveБарчаси