Бахтиёр Саидов фавқулодда араб-ислом саммитида қатнашяпти

Жамият

image

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кеча, 14 сентябрь куни Доҳада Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари лигаси қўшма фавқулодда саммитига тайёргарлик бўйича ташқи ишлар вазирлари йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди. 

“Бугун ҳамкасбларим билан биргаликда Исроилнинг яқинда Қатар давлатига уюштирган ҳужумини муҳокама қилишга бағишланган Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари лигаси қўшма фавқулодда саммитига тайёргарлик бўйича ташқи ишлар вазирлари йиғилишида иштирок этдик”, деб ёзади вазир.

Бидирилишича, кун тартибидан минтақавий ва глобал даражадаги долзарб муаммолар, тинчликка таҳдид солувчи янги хатарлар ҳамда музокара ва мулоқотнинг устувор аҳамияти масалалари ўрин олган.

“Биз Қатарнинг минтақада тинчлик ва фаровонликни дипломатия йўли билан мустаҳкамлаш борасидаги собитқадам ва фидокорона саъй-ҳаракатларини юксак қадрлаймиз. Ўзбекистон доимо барча низоларни фақат мулоқот орқали ҳал этиш тарафдори бўлиб келган ва бу тамойилга содиқ қолади”, дейди Бахтиёр Саидов.

Маълумот учун, Исроилнинг Доҳага қилган ҳужумидан сўнг, 11 сентябрь куни Қатар Араб ва Ислом мамлакатларининг фавқулодда саммитини чақирди. Қатар Бош вазирининг маслаҳатчиси Мажид бин Муҳаммад Ал Ансорий Исроил ҳаракатларини қоралаш кун тартибидаги асосий масала бўлишини тасдиқлади. Саммитни шундай қисқа вақт ичида ташкил этиш сўнгги фожиали воқеалар фонида Қатар ҳамда Араб ва Ислом бирдамлигини намойиш этиш экани айтилмоқда. Доҳада бўлиб ўтадиган саммит Исроилнинг Қатар ҳудудига сўнгги ҳаво ҳужумларини қатъий қоралаган резолюцияни қабул қилишга қаратилган. Шунингдек, мамлакатлар Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини тўхтатиш, Яқин Шарқ минтақасида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш тўғрисидаги ҳужжатни киритиш ниятида. 


Мақола муаллифи

Теглар

Доҳа Қатар Бахтиёр Саидов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг