Бағдоддаги АҚШ элчихонаси ҳужумга учради (видео)
Олам
−
12:01 2899 2 дақиқа
Кеча, 16 март куни тунда Ироқ Мудофаа кучлари Бағдоддаги АҚШ элчихонасига йўналтирилган дрон ҳужумини қайтарди. Бу ҳақда “Al-Jazeera” телеканали хабар берди.
Телеканал маълумотига кўра, дипломатик миссия биноси яқинида портлаш овози эшитилган.
Бир неча соат олдин эса “Ал-Рашид” меҳмонхонаси зарбага учраган – дрон бинонинг юқори қаватларига келиб урилган. Айнан шу қаватларда Европа Иттифоқи ва Саудия Арабистони дипломатик ваколатхоналари жойлашган.
Мазкур бинолар “Яшил ҳудуд” деб аталадиган ҳудудда жойлашган бўлиб, у ерда хорижий элчихоналар ва ҳукумат объектлари жойлашган.
Ироқ армияси Олий бош қўмондони расмий вакили Сабоҳ ан-Нумон ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ушбу ҳужумларни текшириш ва айбдорларни аниқлаш топширилганини маълум қилган.
Ҳарбий амалиёт бошланганидан бери Эрон мунтазам равишда нефть танкерларига, шунингдек Яқин Шарқдаги АҚШ ва Исроилга тегишли объектларга, жумладан Ироқ ҳудудидагиларга ҳам ҳужум қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Харг ва Абу Мусо оролларига ҳужум қилганидан сўнг Эрон Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудидаги Америка нишонларига зарба берилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди. Эрон ҳарбий қўмондонлигининг “Хатам ал-Анбия” марказий штаби расмий вакили Иброҳим Зулфуғорийнинг сўзларига кўра, Америка кучлари Эроннинг Абу Мусо оролига ва Харг оролининг бир қисмига ракета зарбалари берган.
Live
Барчаси