БАА сунъий интеллектга асосланган илк шаҳарни қурмоқчи
Олам
−
27 Май 3098 2 дақиқа
Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Даби дунёда илк бор нолдан қуриладиган ва сунъий интеллект технологиялари билан тўлиқ интеграциялашадиган шаҳарнинг қурилишини эълон қилди. Бу ҳақда “Тhе Technology Express” хабар берди.
Қайд этилишича, қурилиш нархи 3,3 миллиард АҚШ долларига тенг Aion Sentia номли бу шаҳар Абу-Дабининг рақамли трансформация стратегиясининг асосий элементи бўлади. Шаҳар 2027 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Aion Sentia нафақат ақлли, балки когнитив шаҳар бўлиб, у ўзини ўзи ўрганувчи ва ривожланиб борувчи тизимга эга бўлади. Шаҳар аҳолиси билан бирга ўзгариб, уларнинг эҳтиёжларига мослашади. Бу концепция шаҳарни бошқариш ва хизматларни тақдим этишда сунъий интеллектнинг чуқур интеграциялашишини назарда тутади.
Шаҳар бир қатор имкониятларга, жумладан, транспорт воситалари учун тураржойлар, олдиндан ташхисловчи тиббиёт, тежамкор энергияли инфратузилма ҳамда сунъий интеллект асосидаги бошқарув тизимларига эга бўлади.
Таъкидланишича, шаҳар инфратузилмасининг ҳар бир элементи барқарорлик, самарадорлик ва инновационлик нуқтаи назаридан оптималлаштирилади. Ҳукумат прогнозларига кўра, ушбу лойиҳа 2027 йилгача Абу-Дабининг ялпи ички маҳсулотига 6,5 миллиард доллардан ортиқ ҳисса қўшади. Шунингдек, лойиҳа амалга оширилиши натижасида киберхавфсизлик, робототехника, маълумотларни бошқариш ва сунъий интеллект соҳаларида 5 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Расмийларнинг таъкидлашича, бу лойиҳа рақамли шаҳарлар эволюциясида глобал миқёсдаги муҳим бурилиш ҳисобланади. Сунъий интеллект асосидаги ушбу шаҳар иқтисодий ривожланиш ва давлат хизматларининг функционал ёндашуви, ҳатто одамларнинг кундалик ҳаёт тарзини ҳам ўзгартириб юборади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистонининг шарқий Ал-Аҳса минтақасида Хитойнинг Synyi AI компанияси Almoosa Health Group билан ҳамкорликда беморларга сунъий интеллект ёрдамида ташхис қўядиган дунёдаги биринчи клиникани очганди.
Жалолиддин Раҳмонов
Live
Барчаси