БАА фуқароларининг Ўзбекистонга кириши соддалашади – Президент фармони

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Шавкат Мирзиёев кеча, 18 март куни “Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасига кириш режимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти
фармони

Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорликни янада фаоллаштириш, мамлакатимизда қулай инвестиция муҳитини яратиш ва туризм салоҳиятини ривожлантириш мақсадида:

1. 2019 йил 20 мартдан бошлаб Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кун муддатга визасиз режим белгилансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонга иш юзасидан келадиган Бирлашган Араб Амирликлари фуқароларига Ўзбекистон Республикасидаги таклиф қилаётган юридик шахснинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат этиши талаби бекор қилинган ҳолда, бир йил муддатгача бўлган кўп марталик визаларни Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги муассасаларида ҳужжатлар қабул қилинган кун ҳисобга олинмасдан 3 иш куни мобайнида расмийлаштирсин.

3. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги ПФ–5611-сон Фармони билан тасдиқланган 2019 йил 1 февралдан бошлаб фуқаролари электрон кириш визасини олиш имкониятига эга бўлган мамлакатлар рўйхатининг 32-банди;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июлдаги ПҚ–3836-сон қарори билан тасдиқланган 2018 йил 1 июлдан бошлаб фуқароларига Ўзбекистон Республикасига визасиз транзит кириш, вақтинчалик бўлиш ва чиқиш тартиби белгиланган мамлакатлар рўйхатининг 62-банди.

4. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В.Махмудов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдухакимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев 

Тошкент шаҳри,
2019 йил 18 март

 


Мақола муаллифи

Теглар

Президент фармони Бирлашган Араб Амирликлари

Баҳолаганлар

8

Рейтинг

3.5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг