БАА Эронга яширинча зарбалар беришни бошлади

Олам

image

АҚШ ва Исроил томонидан бошланган урушда Эрон зарбаларидан энг кўп жабр кўрган Бирлашган Араб Амирликлари эндиликда Эронни ўзи бомбардимон қила бошлади. Бу ҳақда воқеадан хабардор бўлган бир неча манбаларга таяниб, “The Wall Street Journal” (WSJ) хабар берди.

Қайд этилишича, БАА ғарбда ишлаб чиқарилган, жумладан, Франциянинг Mirage ва АҚШнинг F-16 қирувчи самолётлари ҳамда замонавий разведка тизимлари билан яхши қуролланган замонавий қуролли кучларга эга. Эндиликда мамлакат ўз иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва Яқин Шарқдаги ўсиб бораётган таъсирини мустаҳкамлаш учун ушбу кучлардан фойдаланишга тайёр.

Исроил ва АҚШ кучлари томонидан Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг йўқ қилиниши Амирликлар ҳарбий-ҳаво кучлари учун хавф даражасини сезиларли даражада камайтирган. WSJ манбаларига кўра, расман тасдиқланмаган ҳужумлар орасида 8 апрель куни Форс кўрфазидаги Эроннинг Лаван оролида жойлашган нефтни қайта ишлаш заводига берилган зарба ҳам бор. Бу ҳужум йирик ёнғинни келтириб чиқарган ва завод қувватларининг катта қисмини камида бир неча ойга ишдан чиқарган.

Манбалардан бирининг сўзларига кўра, АҚШ Амирликлар томонидан берилаётган зарбаларни яширинча олқишлаган ва Форс кўрфазидаги бошқа давлатларнинг шунга ўхшаш ҳаракатларини ҳам маъқуллаган бўларди. БАА Ташқи ишлар вазирлиги ушбу операцияларга изоҳ беришдан бош тортган, бироқ мамлакатнинг душманона ҳаракатларга, жумладан, ҳарбий воситалар билан жавоб бериш ҳуқуқи тўғрисидаги аввалги баёнотларига ишора қилган.

Жорий можаро давомида БАА Эрон ҳужумларининг асосий нишонига айланди. Эрон Амирликлар йўналишида 2800 дан ортиқ ракета ва дронларни учирган – бу бошқа ҳар қандай давлатга, жумладан Исроилга қараганда ҳам кўпроқдир.

Яқин Шарқ бўйича таҳлилчи ҳамда БААнинг иқтисодий ва сиёсий таъсири ортиши ҳақидаги китоб муаллифи Дина Эсфандиарининг фикрича, араб давлатининг Эронга қарши урушга кириши муҳим воқеа. 

“Энди Теҳрон БАА ва можарони ҳал қилишда воситачилик қилишга уринаётган Форс кўрфазидаги бошқа араб давлатлари орасига низо солишга янада кўпроқ ҳаракат қилади”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Америка Қўшма Штатлари ва Эрон ўртасида бир ойдан бери амал қилиб келаётган ўт очишни тўхтатиш келишуви “сунъий нафас бериш” ҳолатида эканини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон БАА Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг