B2 сертификати йўқ хорижий тил ўқитувчилари ишидан айрилиши мумкин
Жамият
−
28 июл 4397 2 дақиқа
Ўзбекистонда талаб этиладиган тил сертификатига эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари билан меҳнат шартномаларини бекор қилиш тартиби белгиланмоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг бугун, 28 июль куни жамаотчилик муҳокамси учун эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор лойиҳасида назарда тутилган.
Унга кўра, ҳукуматнинг 2021 йил 19 майдаги “Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 312-сон қарорига янги норма киритилиб, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган хорижий тил ўқитувчиларидан талаб этиладиган тегишли сертификатга эга бўлмаган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилиниши мумкин.
Муҳокама жараёни жорий йил 12 августга қадар давом этади.
Қайд этиш жоиз, дастлаб 2024-2025-ўқув йилига қадар этиб белгиланган ушбу талаб муддати педагоглар ва кенг жамоатчилик вакилларининг мурожаатлари асосида ҳозирга қадар бир неча бор узайтириб келинган. Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг тегишли буйруғи билан хорижий тил фани ўқитувчиларининг лавозим малака тавсифларига камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши асосий талаб сифатида киритилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган хорижий тил ўқитувчилари учун камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тил сертификатини олиш муддати 2026-2027 ўқув йили бошига қадар узайтирилганди.
Live
Барчаси