Чет тилидан сертификати йўқ ўқитувчиларга яна муддат берилди

Жамият

image

Умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган хорижий тил ўқитувчилари учун камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тил сертификатини олиш муддати 2026-2027 ўқув йили бошига қадар узайтирилди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.

Вазирликнинг эслатишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги (“Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги) 312-сон қарорининг 9-бандида умумий ўрта таълим муассасалари хорижий тил ўқитувчиларининг камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши талаби кўрсатиб ўтилган.

Дастлаб, 2024-2025-ўқув йилига қадар этиб белгиланган ушбу талаб муддати педагоглар ва кенг жамоатчилик вакилларининг мурожаатлари асосида ҳозирга қадар бир неча бор узайтириб келинган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг тегишли буйруғи билан хорижий тил фани ўқитувчиларининг лавозим малака тавсифларига камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши асосий талаб сифатида киритилган.

Қўшимча қилинишича, вазирлик томонидан ушбу педагогларнинг тегишли сертификат имтиҳонларига тайёргарлик кўришларида кўмаклашиш учун жойларда малакали мутахассислар иштирокида бепул (онлайн ва офлайн) ўқув машғулотлари ташкил этилган.

“Вазирлик томонидан ушбу ўқув машғулотлари бундан кейин ҳам давомий ташкил этиб борилади ҳамда B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлмаган педагогларга 2026-2027-ўқув йили бошлангунига қадар имконият берилади”, дейилади расмий хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат меҳнат инспекцияси хорижий тилдан дарс берувчи ўқитувчилар ойлик олмай, мажбуран ишдан бўшатилаётгани ҳақида хабар берганди. Инспекцияга чет тили устозларига иш ҳақи ҳисобланмагани, ишдан четлатилгани, ҳатто мажбурий равишда ариза ёздириб олингани ҳақидаги мурожаатлар кўпайган.

 

 


Мақола муаллифи

Теглар

Чет тили сертификати B2

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг