Азага келган дардини айтиб йиғлайди: “Охирги вақтларда умуман ваколатимиз қолмади”
Жамият
−
02 Март 2020
29214Ўзбекистонда ҳокимларнинг 1 миллион доллар инвестиция билан келган тадбиркорга ер ё мулк бериш ваколати бўлган. Аммо кейинги вақтларда бу ваколат улардан олиб қўйилган. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Олий Мажлис Сенатининг 28 февраль куни бўлиб ўтган иккинчи ялпи мажлисида сўз очган. У бу масалада Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Неъматовга юзланди.
“Президентимизнинг бир сўзи бор: инвестициясиз биз ривожлана олмаймиз. Бу энг катта масала. Сизларнинг, жумладан элчиларимизнинг олдига инвестиция жалб қилиш бўйича вазифа қўйилган. 2019 йилда чет элдан келган инвестор 1 миллион доллардан ортиқ инвестиция олиб келса, ҳокимларнинг ер бериш, бино ажратиш масаласида ваколати бор эди. Охирги вақтларда умуман ваколат қолмади. Бунда чет эл тажрибаси қандай? Чет элдан инвесторлар келяпти, лекин ер ва бино бериш масаласида ваколатимиз қолмади. Уларга аукционда қатнашинг деяпмиз. Чет элдан инвесторни зўрға олиб келсагу кейин бунақа деб турсак... Бунга сизнинг фикрингиз қандай”, дея Неъматовга юзланади Абдураҳмонов.
Шуҳрат Абдураҳмоновнинг айтганларида ҳам жон бордек. Аммо, ҳокимлар бу ҳуқуқлардан маҳрум этилишига бош сабабчи ўзлари эмасми? Одамлар яшаб турган уйни бузиб юборган, тадбиркорнинг қора қозонини қайнатаётган дўконга чангал солган, ишлаб, даромад келтириб турган корхона ерини чет элдан келган инвесторга олиб бериб, бошқаларни қаҳшатган ҳам ҳокимлар-ку?
Бошқа жиҳатдан инвесторга ер бериш борасида чет эл тажрибасини қўллаш фурсати келди. Аммо, Абдураҳмоновнинг саволига Ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Неъматов қуйидагича жавоб берди:
“Ривожланган давлатларда ер хусусийлашган. Бизда эса ер давлатники. Мулкдорлик ҳақида гапирадиган бўлсак, уларда агар менга бир гектар ер берилган бўлса ва мен шу ерга компаниямни қурсам, кейинчалик шу ерни биздан олиб қўймайдими деган қўрқув бор.
Мамлакатда қабул қилинган қонунларнинг ишлаши инвесторларнинг келишига жуда катта омил бўлади.
Бундан ташқари, инглиз, испан ёки француз тилига таржима қилинган инвестиция лойиҳалари жуда кам. Ҳозирги кунда йўқ, десам ҳам адашмаган бўламан. Биз инвесторларга инвестиция олиб келинг деяпмиз, аммо мана лойиҳа деб столга қўйган жойимиз йўқ. Шунинг учун ҳам бу кўп омилларга боғлиқ ва буларни биргаликда ҳал қилишимиз керак. Ана шундан кейин инвесторлар ўз-ўзидан келади”, дейди Илҳом Неъматов.